Линклар

logo-print

12−16 июль кунлари Тошкентдаги "Ўзэкспоцентр" кўргазмалар залида халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бўлиб ўтади.

Gazeta.uz сайтининг хабар қилишича, ярмаркада дунёнинг 40дан ортиқ мамлакатидан савдо компаниялари, савдо-саноат палаталари вакиллари, вазирлик ва қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари иштирок этади.

Бу ярмарка Ўзбекистон президенти 1 июнь куни имзолаган фармон асосида ўтказилмоқда. Бундан буён айни тадбир ҳар йили октябрь ойида ўтказилади.

Хабарда айтилишича, ярмаркада шу кунда хорижга мева-сабзавот чиқараётган ўзбекистонлик 100га яқин экспортёр иштирок этади.

2016 йилда Ўзбекистон ҳукумати мева ва сабзавот экспортини ошириш, хусусан, Россияга 800 минг тоннадан кўпроқ мева-сабзавот етказиб беришни режалаган. Бу 2015 йилга нисбатан 17 бараварга кўпдир.

Президентнинг 2016 йил, 7 апрелда имзолаган “Янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи ихтисослаштирилган «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компаниясини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига биноан экспорт билан шуғулланадиган янги ширкат ташкил этилган.

Ўзбекистонда йилига 17 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилади, бундан 4 миллион тоннаси экспорт қилинади. Йиллар давомида хориж бозорларида узум ва майиз, анор, қовун ва тарвуз, ўрик, шафтоли, олхўри ва олма, помидор, пиёз ва карамга талаба катта бўлиб қолмоқда.

Ўтган йили Ўзбекистонда 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ва картошка, 2 миллион 731 минг тонна мева, 1 миллион 556 миинг тонна узум етиштирилди. Йиллар давомида, асосан, Россия ва Қозоғистонда мева-сабзавот сотган Ўзбекистон кейинги йилларда Европа ва Осиё бозорларидан ҳам харидорлар топмоқда. Расмий маълумотга кўра, сўнгги 5 йил ичида Норвегия, Таиланд, Вьетнам, Малайзия, Индонезия, Бразилия, Қибрис, Македония, АҚШ ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG