Линклар

Қирғизистон Олий суди Асқаров иши бўйича маҳкамани 12 июлга қолдирди


Қирғизистон Олий Суди Ўш воқеаларида айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров иши бўйича 11 июль куни бошлаган маҳкамани 12 июлга қолдирди.

Судья жабрланувчилар келмагани учун маҳкама қолдирилганини билдирди.

11 июль куни тушгача бўлган илк мажлисда Асқаровнинг жамоатчи ҳимоячиси Тўлайкан Исмоилова, адвокатлари - Валериан Вахитов ва Нурбек Токтакуновлар тингланди. Улар инсон ҳуқуқлари фаолини зудликда қамоқдан озод қилишни талаб қилди. Аммо, маҳкамага маҳкумнинг ўзи олиб келинмади.

Қирғизистон Олий судининг бу мажлисида юзлаб журналист, АҚШ, Британия, Швейцария, Германия, Франция каби ғарб давлатлари дипломатлари, Европа Иттифоқи, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссарлиги вакиллари, халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси экспертлари жорий йил 20 апрелда Азимжон Асқаров ишини кўриб чиқиб, Қирғизистон ҳукуматини ҳуқуқ фаолини қамоқдан озод этишга чақирган. Қўмита қарорида Асқаровнинг сохта айбловлар билан қамалганига ишонилиши қайд этилган.

Азимжон Асқаровга ўтган йили АҚШ Давлат департаментининг “Инсон ҳуқуқлари фаоли” мукофоти топиширилган эди. Шундан сўнг Бишкек ҳукумати норозилик сифатида Вашингтон билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини бекор қилган.

XS
SM
MD
LG