Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:22

Москвада "Ёрдам" масжиди имом-хатиби ҳибс этилди


Москвада Ёрдам масжиди имоми Маҳмуд Велитов ҳибс этилди
Москвада Ёрдам масжиди имоми Маҳмуд Велитов ҳибс этилди

Москвадаги "Ёрдам" масжиди имоми, "муҳожир мусулмонлар ҳимоячиси" сифатида танилган шайх Маҳмуд Велитов ҳибсга олинди. Россия пойтахти Бутирка туман Тергов қўмитаси шайх Маҳмудга қарши "Террорчилик фаолиятига даъват этиш ва террорчиликни оқлаш" моддаси асосида жиноий иш қўзғатгани айтилмоқда. "Ёрдам" масжиди ва имомнинг уйида махсус хизматлар томонидан тинтув ишлари олиб борилаётгани Озодликка маълум бўлди.

Москвада "Ёрдам" масжиди имом-хатиби шайх Маҳмуд ҳазрат Велитов "террорчиликка даъват" қилгани айби билан ҳибсга олинди.

Бу ҳақда ўзининг Фейсбук саҳифасида хабар қилган адвокат Дагир Хасавовга кўра, тергов қўмитасининг Россия мусулмонлари орасида катта нуфузга эга бўлган Маҳмуд Велитовга нисбатан ноқонуний амалларига жамоатчилик эътиборини қаратди.

Бугун Москвада таниқли исломий фаол, ҳурматли шайх Маҳмуд ҳибс этилди ва Марьина Рошча туманидаги Москва шаҳар Тергов қўмитаси бўлимига келтирилди. Тергов амаллари адвокатсиз олиб борилмоқда! Унинг уйида ва Отрадноедаги у киши хизмат қилган масжидда тинтув ўтказилмоқда, диний исломий адабиётлар мусодара қилинган, ишонаверингки, уларнинг ярмиси “экстремистик” деб топилади”, деб ёзди адвокат Дагир Хасавов.

Ҳимоячининг таъкидлашича, Бутирка туманлараро Тергов бўлими томонидан шу йилнинг 27 майида Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 205.3 моддаси 1 қисми (Террорчилик фаолиятига даъват этиш ва террорчиликни оқлаш) асосида Абдулла Гаппаев исмли бир кимсага нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Гаппаев "Ҳизб-ут Таҳрир" ташкилоти аъзо экани ва, гўё, Маҳмуд ҳазрат 2013 йилнинг сентябрида исломий нашрлардан бирида бу шахснинг фаолиятини оқлаб чиқишга уринганликда айбланмоқда.

"Ёрдам” масжиди расмий сайти бошқарувчиси имом Исмоил ҳазрат Валитов Озодлик сўровига шайхнинг ҳозиргача қўйиб юборилмагани ва олдига адвокат киритилмаётганини тасдиқлади.

"Ҳозирча Марьина Рошчадаги Тергов бўлимида қолмоқдалар. Уйларида ва масжидда китоблар мусодара қилинди. Ёнимиздаги Озарбайжон масжидидан ҳам адабиётлар мусодара қилинган экан – уларга қайтариб беришибди. Маҳмуд ҳазратни эса қўйиб юборишмаяпти, кутиб ўтирибмиз," деди имомнинг жияни Исмоил Валитов.

Яқинлари Велитовнинг шу йил бошида оғир жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказгани ва қамоқхона шароитида унинг аҳволи ёмонлашиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Маҳмуд ҳазрат Велитов ксенофобия ва миллатчиликка қарши чиқишлари билан ҳам танилган

Озодлик таҳририятига аноним қолиш шарти билан мурожаат қилган ўзбекистонлик радио тингловчилардан бири “Маҳмуд ҳазрат Велитов Москвадаги мусулмон ўзбекларнинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси” экани, уларнинг “қора кунида ҳомийси бўлгани”ни алоҳида таъкидлади.

Суҳбатдош “Ёрдам” масжиди имоми Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан уйлангани ва Ўзбекистон билан уни жуда кўп ришталар боғлаб туришини маълум қилди.

Ёрдам” жомеъ масжидига ибобдатга борадиган ҳар бир ўзбек имомни ихлосманд муриди, деса бўлади, деди исмини ошкор қилмаган ўзбекистонлик.

65 ёшли Шайх Маҳмуд Велитов шўъро даврларида деярли барча россиялик имом ва муфтийлар каби Бухоронинг Мир-Араб мадрасаси ва Тошкентнинг Ислом институтини тамомлаган.

Москвадаги “Мемориал” Инсон ҳақлари ҳимояси ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев “Ёрдам” масжиди имом-хатибининг ҳибс этилишини Россияда мусулмонларга қарши кучайиб бораётган босим билан боғлади.

- Имом очиқдан-очиқ туриб ҳатто Ўзбекистон ҳукуматини инсофга чақирган. “Ўзбекистон ҳукумати, Ислом Каримовга инсоф берсин, ноҳақ қамалган Ўзбекистон, Тожикистон мусулмонлари озод бўлсин, уларга нусрат берсин”, деб кўп маротаба минбардан туриб гапирганлар. Бу у кишининг нафақат Ўзбекистонда ўқигани ёки ўзбекларнинг куёви экани, балки мусулмонларга жон куйдирган мусулмон экани билан боғлиқ. Мен бир нечта Россия муфтийлари билан гаплашганимда “Маҳмуд хазратнинг илмичалик Россияда илмли, имонли муфтийлар йўқ” деганлар. Имомнинг ҳибс этилиши Россия мусулмонлари, диний-сиёсий вакилларининг Кремль назоратидан чиқиб кетаётгани билан боғлиқ, менимча. Бу сиёсий буюртма, деди Баҳром Ҳамроев.

Озодлик охирги вақтларда Россияда "ҳизбчилик", "Ислом давлати" гуруҳи ва бошқа диний ташкилотларга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган диндорлар, жумладан ўзбек мусулмонлари тўғрисида хабар бериб келган.

XS
SM
MD
LG