Линклар

Сайтларга аноним кириш имконини берувчи сервис Россиядан чиқиб кетишга қарор қилди


Интернетга уланишни шифрлаш ва тўсиқларни айланиб ўтиб, исталган сайтга аноним кириш имконини берувчи Private Internet Access VPN-сервиси “Яровая пакети”, деб юритилаётган қонун туфайли Россия бозоридан кетишга қарор қилди.

Компания баёнотида айтилишича, унга қарашли серверларнинг баъзилари яқинда олдиндан огоҳлантиришсиз ва ҳуқуқий процедураларга амал қилмаган ҳолда Россия маъмурлари томонидан олиб қўйилган.

Ўтган ҳафтада Россия президенти Владимир Путин мамлакат хавфсизлик хизматлари салоҳиятини кенгайтириш ва Интернет устидан назоратни кучайтиришни назарда тутувчи “Яровая пакети” - аксилтеррор қонун ҳужжатлари тўпламини имзолаган.

Қонунда мессенжерлар орқали юборилган матнлар 6 ойгача, Интернет орқали юборилган маълумотлар эса 3 йилгача сақланиши шартлиги кўзда тутилган.

Шунингдек, Россия кучишлатар тизимлари хоҳлаган пайтида бу маълумотларни очиб ўқиш имконига эгалиги ҳам айтилган.

Мазкур қонуний ўзгаришлар "Единая Россия" партиясидан Давлат Думасига сайланган депутат Ирина Яровая ҳамда Британияда Александр Литвиненконинг ўлимига алоқадорликда гумон қилинган ЛДПР вакили Андрей Луговой ва яна бир қатор шахслар тарафидан илгари сурилган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва иш одамлари мазкур қонуний ўзгаришларни танқид қилиб чиқишган.

XS
SM
MD
LG