Линклар

Германия канцлери Қирғизистонга келди


Германия канцлери Ангела Меркель Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев билан, Бишкек, 2016 йил 14 июли.

Германия канцлери Ангела Меркель Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев билан, Бишкек, 2016 йил 14 июли.

Германия канцлери Ангела Меркель расмий ташриф билан Қирғизистонга келди. Бу Меркелнинг Бишкекка илк сафаридир.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, 13 июль куни маҳаллий вақт билан соат 23.30 да учиб келган Меркель хонимни “Манас” халқаро аэропортида президент Алмазбек Атамбаевнинг ўзи кутиб олган.

Германия канцлери ташрифининг расмий қисми бугун бўлиб ўтади. Меркель хоним Қирғизистон президенти А. Атамбаев, парламент спикери Ч. Турсунбеков, диндорлар ва фуқаровий жамият фаоллари билан учрашиши кутилмоқда.

Ташриф чоғида икки томонлама ҳужжатлар имзоланмаса-да, томонлар Германия ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиши айтилмоқда.

Германия канцлери Қирғизистон президенти билан учрашув чоғида қамоқдаги ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров тақдирига оид масалани кўтарадими-йўқми, ҳозирча номаълум.

Меркелнинг Бишкек сафари 12 июль куни Қирғизистон Олий суди халқаро ҳамжамият қамоқдан озод этилишини талаб қилаётган этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят судига жўнатиш тўғрисда қарор чиқарганидан сўнг амалга оширилмоқда. Асқаров 2010 йилда Ўш қирғинида айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Халқаро ҳамжамият Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини айтиб келади.

Меркель қирғиз президенти Атамбаевнинг бир неча йил олдин Германияга қилган сафари чоғида Асқаров масаласини кўтарган эди.

Қирғиз расмийлари Асқаров ишини қайта кўриб чиқишга жўнатилиши Меркелнинг Қирғизистонга сафари билан боғлиқ эмаслигини маълум қилганлар.

XS
SM
MD
LG