Линклар

logo-print

Америкадаги ўзбеклар Африка сув муаммосига ечим топмоқчи


Мутахассисларга кўра¸ Африкадаги 80 фоизга яқин касаллик айнан тоза ичимлик суви танқислиги туфайли келиб чиқмоқда.

Мутахассисларга кўра¸ Африкадаги 80 фоизга яқин касаллик айнан тоза ичимлик суви танқислиги туфайли келиб чиқмоқда.

Чикагода яшайдиган ўзбеклар Африкадаги қишлоқлардан бирининг қашшоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлади.

"Чикаго Ўзбек-Америка ассоциацияси" фаоллари ташаббуси билан уюштирилган “Булоқ” лойиҳаси доирасида 2016 йилнинг 27 май куни Чад Республикасида жойлашган Васси қишлоғида артезиан қудуқ қазилди.

Айнан шу лойиҳани амалга ошириш учун BuildWaterWell.org саҳифасида хайрия кампанияси ўтказилган ва 4500 доллар маблағ тўпланган. Бу маълумотларни куни-кеча "Чикаго Ўзбек-Америка ассоциацияси" Facebookдаги саҳифасида эълон қилди.

Чикаго ўзбеклари уюшмаси вакилларидан бири – 30 яшар компьютер муҳандиси Гулшанбек Тўхтабоев Озодлик билан суҳбатда уюшма ва унинг лойиҳасига тўхталди:

- Чикагода, нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг бошқа давлатларидан ҳам келган ўзбеклар бор. Бу ердаги ўзбеклар билан йиғилиб, яхши ишлар қилишга ҳаракат қиламиз. 2016 йилнинг январида “Булоқ” лойиҳасини бошлаган эдик. Чикаго атрофидаги барча ватандошлар: ҳоҳ Ўзбекистондан бўлсин, ҳоҳ Қирғизистондан бўлсин ўз ҳиссасини қўшди. Одамларнинг ёрдами билан шу лойиҳамиз амалга ошди.

Чикаго ўзбеклари уюшмаси ўзининг Facebookдаги саҳифасида эълон қилинган видеода, Васси қишлоғининг 1700 кишилик аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун деярли 45 метр чуқурликда ўрнатилган насос орқали сув тортиб чиқарилгани акс этган.

- Африка қитъасининг аксарият ҳудудлари чўлдан иборат, бошқа ҳудудларида ҳам тез-тез қурғоқчилик бўлиб туради. Аммо баъзи жойларда 45-70 метр чуқурликда сув бўлар экан. Ўша сувни насос орқали тортиб чиқариш мумкин”, дейди Гулшанбек.

Сув муаммоси нафақат Африка, баки Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиёнинг ҳам асосий муаммоларидан биридир.

Жумладан, тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиëж минтақада кундан кунга ортиб бормоқда ва бу масала сўнгги пайтларда сиёсий майдонда ҳам фаол муҳокама қилинмоқда.

Гулшанбекнинг айтишича, “Булоқ” лойиҳасини Африка қитъасида амалга оширишдан олдин Марказий Осиёдаги сув муаммоси ҳам кўриб чиқилган:

- Биз “Булоқ” лойиҳамизни бошлаганимизда, “Нимага Ўзбекистон туриб, Африкада қилинаяпти бу лойиҳа” деган тортишувлар ҳам бўлган. Биз ўз позициямизни қўлдан келганча ҳимоя қилишга уринганмиз. Биринчидан, айнан Африка қитъасида лойиҳамизни амалга оширганимизнинг сабаби - Африкада қурғоқчиликдан инсон умри жуда қисқариб кетган. Тоза сув бўлмаганлиги сабабли касалликлар жуда кенг тарқалган. Бундан ташқари, у ерда ўртача ҳаёт узунлиги 35-40 ёшни ташкил этади, холос. Ўзбекистонда эса¸ Худога шукур¸ ҳаммаси яхши, инсонларимиз соғлом”, дейди Гулшанбек.

БМТ ҳисоб-китобича¸ дунё бўйлаб 750 миллиондан ортиқ одам тоза ичимлик сувига муҳтож. Уларнинг 37 фоизи Африкада яшайди.

Мутахассисларга кўра¸ бу қитъадаги 80 фоизга яқин касаллик айнан тоза ичимлик суви танқислиги туфайли келиб чиқмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG