Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:31

Ўзбекистондан экспорт қилинувчи мева-сабзавот нархлари эълон қилинди


Экспорт қилинадиган қовуннинг 1 тоннаси нархи 450 АҚШ долларигача қилиб белгиланди.
Экспорт қилинадиган қовуннинг 1 тоннаси нархи 450 АҚШ долларигача қилиб белгиланди.

12 июлда Тошкентда иш бошлаган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси дирекцияси Ўзбекистонда етиштириладиган мева-сабзавот нархларини эълон қилди.

Бу ҳақда хабар қилган nuz.uz сайтига кўра, мева-сабзавот нархлари ярмарка савдоларида билдирилган талаб ва таклифлар асосида, дунё бозорида шаклланаётган коньюктурани ҳисобга олган ҳолда эълон қилинган.

I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси дирекциясига кўра, Ўзбекистонда етиштирилган 32 турдаги мева-сабзавотнинг энг паст ва энг баланд нархлари белгиланган бўлиб, маҳсулотлар орасида карам, бодринг, помидор, пиёз, лавлаги, шолғом, узум, қовун ва бошқалар мавжуд.

Ўзбекистондан экспорт қилинадиган энг қиммат товар “Ризамат” узуми эканлиги қайд этилди. Бир тонна “Ризамат”нинг энг паст нархи $2000, энг баланд нархи $2400 қилиб, яъни 1 килоси $2 дан $2,4 қилиб белгиланди.

Кишмиш ва чиллаки нархлари эса, 1000 доллардан 1400 долларгачадир.

Аччиқ қалампирнинг бир тоннаси эса, 1450 доллардан 2000 долларгача қилиб баҳоланди.

nuz.uz сайти ўз материалида 32 турдаги мева-сабзавотнинг барчаси бўйича нархлар диапазонини берган.

Тошкентда ўтаётган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси дирекцияси маълумотларига қараганда, узум, қовун, помидор, анор, кўкатлар, карам, ўрик, ловия, шафтоли, гилос, бодринг, мош, майиз, ёнғоқ каби маҳсулотлар Ўзбекистондан энг кўп экспорт қилинадиган маҳсулотлардир.

Ўзбекистон 2020 йилгача мева-сабзавот етиштиришни ҳозирги кўрсаткичдан икки маротабага кўпайтиради. Бу ҳақда 12 июль куни Тошкентда Биринчи мева-сабзавот халқаро ярмаркаси очилиши маросимида Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёёв баёнот берди.

Бош вазирга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 16 миллион тонна мева ва сабзавот етиштирилади. Бу кўрсаткич яқин тўрт йил ичда 32 миллион тоннага етказилади.

Етиштирилган ҳосилни сақлаш учун эса 2016 йил охиригача яна 100 минг тонна мева-сабзавот сиғадиган 197 музлаткич қурилади. Бугунги кунда Ўзбекистондаги музлаткич омборхоналарда 800 минг тонна мева-сабзавотни сақлаш имконияти мавжуд.

Бош вазирнинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 160 мингта фермер хўжалигида мева ва сабзавот етиштирилмоқда. Бош вазир фермер хўжаликларини ривожлантириш мақсадида уларга устамаси 5 фоиздан ошмаган имтиёзли кредитлар берилаётгани билан мақтанди.



XS
SM
MD
LG