Линклар

Россияда ирқчилик асосдаги жиноятлар сони, олдинги йилларга қараганда камаймоқда. Бу ҳақда Москвадаги "Сова" номли таҳлилий-кузатув маркази янги ҳисоботида эълон этилган. Ушбу тадқиқот бўйича, миллатчи гуруҳлар ҳужумига асосан марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари йўлиқишади.

Россияда ирқчиликка асосланган жиноятлар камаймоқда, бироқ...

Москвадаги "Сова" таҳлилий-кузатув марказига кўра, Россияда ирқчилик-миллатчилик асосидаги жиноятлар сони олдинги йилларга нисбатан камаймоқда, аммо ирқчилик ва миллатчилик кайфияти эмас.

Марказ чиқарган янги ҳисоботга кўра, миллатчи гуруҳлар ҳужумига асосан Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирлари йўлиқишмоқда.

Унда таъкидланишича, Россияда 2016 йилнинг биринчи ярмида миллатчилар ҳужумидан 31 одам зиён кўрган, бир киши ҳалок бўлган.

Ирқчилик нишонига айланганларнинг ярмидан кўпини Марказий Осиё фуқаролари ташкил этади.

Ҳисобот хулосаларига кўра, Россияда 2014 йилнинг биринчи ярмида 74 инсон ирқчиликдан зиён кўрган бўлса, 2015 йилнинг айни даврида 53 нафар одам ирқчилар ҳужумига йўлиққан.

Радикал миллатчи гуруҳлар ҳужумлари Россиянинг 8 минтақасида содир этилган

Миллатчилик жиноятлари энг кўп Москва (10 калтакланган) , Санкт-Петербург (1 ўлдирилган, 8 калтакланган) ҳамда Москва вилоятида (4 калтакланган) қайд этилгани айтилади ҳисоботда.

Ирқий йўналишдаги жиноятларинг камайганига сабаб, ҳисоботга биноан, ҳуқуқ тартибот органларининг сай ҳаракатлари билан боғлиқ.

Шунингдек, рус миллатчилари, хусусан унинг жанговор қаноти ҳозирда инқирозни бошдан кечираёткани бошқа омил сифатида кўрсатилган.

“Сова” тадқиқотидан маълум бўлишича, миллатчилар дастидан азият чекканларнинг аксари - “этник бегоналар” - славян миллатига мансуб бўлмаган одамлар саналади.

Ирқий ҳужумларнинг кўпи метро ва электричка вагонларида юз берган.

Қулай ва хатарсиз нишон

“Сова” маркази директори Александр Верховский “Озодлик” билан суҳбатда миллатчилар ҳужумларининг кўпи нима учун Марказий Осиёлик муҳожирларга қаратилганини шундай тушунтирди:

"Сова" маркази раҳбари Александр Верховский

"Сова" маркази раҳбари Александр Верховский

- Афсус, милатчиларнинг меҳнат муҳожирларга қаратилган ҳужумлари яқин орада ўзгармайди. Чунки, радикал груҳлар назарида, Марказий Осиёликларга ҳужум қилиш қулай ва хатарсиз. Мисол учун нимага қафқозликларга ҳужум қилишмайди? Чунки, улардан қўрқишади, оқибати ёмон бўлишини, миллатчилар яхши билишади. Шу қаторда Африка ва Осиёдан келган қоратанли инсонларга ҳам ҳужумлар камаймаган. Лекин, умуман олганда, Россия жамиятида миллатчилик кайфияти даражаси ҳануз камаймаган. Камситиш ҳоллари маиший можароларда, ишга қабул қилиш, полиция ҳамда давлат амалдорлари билан бўлган муносабатларда жуда кўп учрайди, дейди Александр Верховский.

”Сова”, шунингдек, миллатчи гуруҳларнинг клуб ва спорт залларида жанговар машқлар ўтказишларига ижозат берилганидан жиддий хавотирда эканини билдирлган.

Ҳисоботда ҳуқуқ-тартибот органлари миллатчи ва радикал гуруҳларнинг интернетдаги фаоллигига кўпроқ эътибор қаратаётгани қайд этилган.

Бир неча йилдан буён Россияда ишлаётган ўзбекистонлик Мурод миллатчилик ҳужумларнинг камайганига оид хабарга ишонмаслигини айтади.

- Рус миллатчилари ҳужумлари асосан оқшом пайтида кўпроқ руй беради. Шунинг учун кеч юрмасликка ҳаракат қиламан. Кундузлари ҳам учрайди, асосан шаҳар чеккаларида, одам гавжум бўлмаган жойларда учрайди. Менинг фикримча, миллатчилик ҳужумлари камаймаган. Менимча камаймайди ҳам, чунки миллатчилик Россия сиёсатининг бир қисми. Олдинлари Россия матбуоти бир оз эркинроқ эди, ҳозир бундай эмас. Бундай ҳужумлар тўғрисида кам ёзишади, дейди Мурод.

Кузатувчилар фикрларича, ксенофобик ҳужумларга оид маълумотлар оммавий ахборот воситаларида, блогларда деярли учрамайди, жабр кўрганларнинг ўзлари ёки шоҳидлар бу ҳақда жуда кам хабар беришади.

Шу йилнинг феврал ойида Москва метро вагонида рус йигити тожикистонлик меҳнат муҳожирини пичоқ билан ҳамла қилиб, оғир жароҳат етказганди. Ҳужум оқибатида тожикистонлик муҳожир бир кўзидан айрилди.

Тожикистон меҳнат миграцияси ташкилоти маълумотига кўра, Россияда миллатчилар дастидан йилига 20-дан 30 тагача тожикистонлик ҳалок бўлган.

Аммо, Россияда ўтган йиллар давомида миллатчию тақирбошлар ҳужумидан нобуд бўлган ўзбекистонликлар сонига оид бирор аниқ маълумот ҳозиргача йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG