Линклар

Франциянинг денгиз бўйидаги Ницца шаҳри ўзининг сўлим соҳиллари, шинам кафелари ҳамда кўркам ҳаёти билан ном чиқарган.

Аммо шаҳар исломчи жангарилар ўрнашиб олган ўчоқ сифатида ҳам маълум. Шаҳарда 14 июль – Бастилия куни муносабати билан уюштирилган мушакбозликни томоша қилиш учун келган оломонга катта тезликдаги юк машинаси воситасида ҳужум қилинди. Ҳужум ортидан 80 дан ошиқ ҳалок бўлди, юзлаб одам жароҳатланди.

Франция ҳукумати тарқатган маълумотларга кўра, Ницца радикал мусулмонлар сони бўйича Парижнинг Сен-Сен-Дени районидан кейин иккинчи ўринда туради. 343 мингдан ошиқ одам яшайдиган Ницца аҳоли сонига солиштирганда Франциянинг энг радикаллашган шаҳридир.

15 июль куни Париж прокурори ҳужум учун масъулиятни ҳали ҳеч ким ўз зиммасига олмаганини, лекин ҳужум “террор ташкилоти” ишига ўхшашини айтди. Расмийлар ҳужумни амалга оширган шахс Муҳаммад Лаҳуаеж Булел (Mohamed Lahouaiej Bouhlel) эканини айтишди. Хабарларга кўра, 31 ёшли Булелнинг келиб чиқиши Тунисдан бўлиб, у Ницца шаҳарида яшаган. 16 июль куни эса, ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” террор гуруҳи ўз зиммасига олгани тўғрисида Ассошиэйтед Пресс агентлиги хабар қилди.

Ниццалик психология профессори ҳамда исломий экстремизм бўйича мутахассис Патрик Амоелнинг таъкидлашича, шаҳар узоқ йиллардан бери жиҳодчи радикалларнинг ўчоғи бўлиб келади.

“Бу исломий ҳарбий гуруҳлар ҳамда тармоқларнинг яратилиши тарихи 1995-97 йилларда Франция Ривьерасига келган Исломий қутқарув фронтига бориб тарқалади. Шундай экан, бу ерда мўътадил экани айтиладиган исломий кучлар кўп бўлиб, улар аслида [радикал ислом] ўчоғидир”, дейди Амоель.

Кейинги йилларда Ниццада бир неча шахс исломий радикализмда гумон қилиниб қўлга олинди.

2014 йилнинг кузида бир оиланинг 11 аъзоси, жумладан, ёш болалар, аёллар Сурияда жанг қилиш учун Ниццани тарк этганидан кейин шаҳар мери Кристиан Эстрози исломий радикализмга дучор бўлган шахслар ва оилалар учун 24 соат ишловчи ишонч рақами ишга тушганини эълон қилган эди.

Радикализация билан курашиш

Францияда радикализм билан курашиш учун ҳукумат қўллаган бир неча ташаббус ишлай бошлаган.

Мутахассисларнинг айтишича, Францияда, хусусан, Ницца ҳудудида радикал ислом тобора кенг тарқалмоқда. Ёлловчилар масжидларда, спорт иншоотларида, мактаблар ташқарисида ҳамда ижтимоий тармоқларда фаоллашган.

Амоель Ниццада ёшларнинг радикаллашишига қарши курашувчи маҳаллий бирлашмага етакчилик қилади.

Амоелнинг айтишича, ёлловчилар келиб чиқиши Мағрибдан бўлган ёшлар кўнглидаги жамиятдан четда қолганлик ҳиссидан фойдаланишади.

“Бу одамлар ўзлари жабрланувчи эканликларига, уларга қарши фитналар борлигига ишониб, антисемит қарашларига таяниб ғарбга, замонавийликка қарши қасос олиш тизимига кирадилар”, дейди Амоель.

Франциялик энг таниқли жиҳодчи ёлловчилардан бири Умар Диаби ҳам Ниццадандир. Келиб чиқиши Сенегалдан бўлган Диаби икки йил олдин Сурияга кетган.

Амоелнинг айтишича, Франция ёшларининг радикаллашиши “кейинги 10 йил давомида фақат тезлашди, холос”.

XS
SM
MD
LG