Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:12

Эрдўғон гуленчиларни айблади, мухолифат тўнтаришга уринишга шубҳа билан қарамоқда


Ражаб Эрдўғон 16 июлга ўтар тунда Мармара шаҳрида журналистлар саволларига жавоб бераяпти.
Ражаб Эрдўғон 16 июлга ўтар тунда Мармара шаҳрида журналистлар саволларига жавоб бераяпти.

Туркияда муваффақиятсизлик билан тугаган давлат тўнтариши ортидан махсус амалиётлар давом этмоқда. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳарбий тўнтаришга уринишни “ватанга хиёнат ҳаракати” дея баҳолади ҳамда айбдорлар оғир жазоланишини таъкидлади.

Сўннги хабарларга кўра, тўнтаришга уриниш ҳаракати натижасида 194 одам ҳалок бўлган, тақрибан 1440 киши турли жароҳатлар олган: ҳарбий тўнтариш тарафдорларидан 104 киши ўлдирилди. Бундан ташқари 90 киши, шу жумладан 41 полиция ходими нобуд бўлди. Бу ҳақда Туркия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи вазифасини бажарувчи Умит Дўндар баёнот берди.

Туркия бош вазири Бинали Йилдирим тарқатган маълумотга кўра, ҳозирга қадар 2839 киши давлат тўнтарув ҳаракатида иштирок этганликда айбланиб қўлга олинган.

Туркиядаги ҳарбий тўнтаришга уриниш классик coup d'etat бўлди: армиянинг бир бўлаги мустақил равишда ҳукуматни қўлга олмоқчи бўлди.

Аммо ҳукуматни қўлловчилар аста-секин йирик шаҳарларда кўчага чиқди. Тўнтаришни қўлловчи одамлар ҳам намойишга чиқди.

Тўнтариш ҳаракати бошланганидан 12 соат ўтмай унинг муваффақиятсизликка учрагани аён бўлди.

Туркия президенти Эрдўған ҳарбий тўнтариш ҳаракатларининг ортида руҳоний Фатҳуллоҳ Гуленни дастакловчи ҳарбийлар гуруҳи турганлигини таъкидлади. Туркия ҳукумати ҳозир АҚШда яшаётган Гуленни қўлловчиларни “террор гуруҳи” деб атаб келади.

Гуленни дастакловчилар кейинги 20 йил давомида Туркия армияси, полицияси, таълим ҳамда адлия тизимларида турли лавозимларни қўлга киритгани айтилади. Маълумотларга қараганда, улар 2000 йиллар бошида Эрдўғанни қўллаган, унинг президент этиб сайланишига ёрдам берган. Аммо 2011 йил Эрдўғон ҳукумати гуленчиларни ҳукумат, матбуот ҳамда бизнес соҳаларидан четлата бошлади.

Гулен кўп миллиардли империяни барпо қилган. Гуленни қўлловчилар ўзларини “Хизмат” жамоати деб атайди. Бу оқим аъзоларини “нурчилар” деб ҳам аташади, чунки улар курд дин пешвоси Саид Нурси ўгитларига амал қиладилар. Бу оқим аъзолари бутун дунё бўйлаб мактаблар очган ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланади.

Эрдўғон ҳарбий тўнтаришга уриниш ортида “гуленчи”ларни айблаб турган бир пайтда бугун тунда муваффақиятсиз якунланган ҳарбий тўнтаришни ҳокимиятнинг ўзи уюштирган томоша дейяётган кучлар ҳам бор. Хусусан Халқ-республикачилар партияси етакчиси Камол Қиличдорўғли “қўғирчоқ” тўнтариш, “шубҳали” тўнтариш, деб атади, деб хабар қилди Озодлик радиоси рус хизмати мухбири.

Тилга олинган партия фаоли “Халқ” телеканалида қилган чиқишида бундай деган:

“Ўтган тундаги воқеалар ҳокимиятни тўлалигича ўз қўлида йиғишга урина ётган Ражаб Эрдўғоннинг позицияларини кучайтириш мақсадида ўтказилиши кутилаётган умумхалқ референдуми арафасида ҳукуматнинг изни билан уюштирилди. Иқтидордаги партия мамлакатни хусусий дастурхонига айлантириб олди. Исломчи амалдорларнинг иштирокидаги коррупция билан боғлиқ жанжаллар тез-тез бўлиб турганини ҳамма кўриб турибди”.

16 июль куннинг биринчи ярмида Эрдўғон ҳукумати мамлакатдаги вазиятни 100 фоиз назорат қилмаётганини тан олди.

“Туркия ҳукумати вазиятни 90 фоиз назорат қилмоқда, Туркия Қуролли Кучлари Бош штабининг бир неча аъзоси исёнчилар қўлида қолмоқда”, деб баёнот берди Туркиянинг Европа Иттифоқи ишлари бўйича вазири Омар Челик.

Ҳарбий тўнатришга уриниш ортидан Туркия ҳукумати репрессив чораларни кучайтиришни кўзламоқда.

Туркия бош вазири Бинали Йилдирим Туркия Конституциявий кенгаши ҳарбий тўнтаришни амалга оширишга уриниш ортидан ўлим жазосини жорий этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқажагини билдирди.

“Конституцияга биноан бизда ўлим жазоси бекор қилинган. Бироқ бугунгига ўхшаш воқеаларнинг олдини олиш учун зарур ўзгартишлар киритилади. Констититуциявий кенгаш партиялар билан биргаликда бу масалани парламентда муҳокама қилади”, деди Бинали Йилдирим.

Туркияда ўтган нотинч тунни Озодлик радиоси жонли блогида кузатди.

XS
SM
MD
LG