Линклар

Туркияда шанбага ўтар кечаси амалга ошмаган ҳарбий тўнтаришга алоқадорликда гумонланиб, 6 мингдан кўпроқ одам ҳибсга олинди. Бу ҳақда Туркия Адлия вазири Бекир Бўздоғ хабар қилди.

Унинг илова қилишича, ҳибсга олинганлар сони янада ортиши кутилмоқда.

Ҳибга олинганлар орасида баланд рутбали ҳарбийлар ва 2.700 нафар судя бор.

Бекир Бўздоғ ҳибсга олишларни "тозалаш амалиёти" деб атади.

Жумадан шанбага ўтар кечаси ҳарбий тўнтариш уринишида камида 265 одам ҳалок бўлган ва яна бир ярим мингга яқин одам жароҳат олганди.

Якшанба куни эрталаб бир генерал ва яна элликдан ортиқ аскар мамлакат ғарбидаги Денизли вилоятида ҳибсга олинди, дея хабар беради турк матбуоти.

Генерал майёр Ўзхон Ўзбакир Денизли гарнизони ва 11 бригада командиридир, дея хабар беради Онатўли ахборот агентлиги.

Ҳибсга олинган баланд рутбали зобитлар орасида, шунингдек, Учинчи Армия командири, генерал Эрдал Ўзтур, Иккинчи Армия командири, генерал Одам Ҳудути ва Туркия қуролли кучлари собиқ бошлиғи, генерал Акин Ўзтурк ҳам бор.

Анқара Афинадан ҳарбий тўнтариш барбод бўлгач, ҳарбий вертолётда Юнонистонга қочган саккизта ҳарбий зобитни қайтаришни талаб қилди.

Шанба куни Туркияда энг кўзга кўринган судялардан бири, Алпарслан Алтан, ҳисбга олинганди.

Якшанбага ўтар кечаси Туркия марказидаги Кония шаҳрида 44 нафар судя ва прокурор, жанубий-шарқий Ғозиантепда эса 92 нафар судя ва прокурор ҳибсга олинди, дея хабар берди Дўған ахборот агентлиги.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳарбий тўнтариш ортида турганлар жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирди.

Ўлим жазосини қайта тиклаш чақириқлари

Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг айтишича, парламент ўлим жазосини қайта тиклаш таклифини кўриб чиқиши мумкин.

У АҚШда истиқомат қилаётган турк диний пешвоси Фатҳуллоҳ Гуленни ҳарбий тўнтариш уриниши ортида турганликда айблади.

Бироқ Фатҳуллоҳ Гулен президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонга қарши ҳарбий тўнтариш уринишига алоқаси бўлганини рад этди.

Гулен инкори

Американинг Пенсилвания штатида яшаётган Гулен 16 июль куни журналистлар билан учрашиб, 15 июль оқшомида бошланган ҳарбий тўнтариш уринишидан умуман бехабар бўлгани ва турк ҳукуматини ағдаришни мақсад қилган ҳар қандай зўравон уринишларни қоралашини айтди.

"Ушбу тўнтаришни ташкиллаштирган одамларнинг турли мотивларини тасаввур қилиш мумкин, - деди Гулен. - Улар мухолифат партияси хайрихоҳлари ёки миллатчи партия тарафдорлари бўлишлари мумкин."

Истанбулда 16 июль куни бўлиб ўтган митингда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон АҚШ ҳукуматидан 1999 йилдан буён Қўшма Штатларда яшаётган Гюленни беришни талаб қилганди.

"Жаноб президент Барак Обама, мен сизга айтгандим: бу одамни ё депортация қилинг, ёки бизга беринг, - деб айтганди Эрдўғон. - Мен сизга унинг тўнтариш иштирокчиси бўлганини айтгандим, лекин менга қулоқ солишмади.... Пенсилванияда яшаётган бу одамни Турцияга келтиринг."

АҚШ Давлат котиби Жон Керри 16 июль куни Обама маъмурияти Гуленни бериш масаласини кўриб чиқишини, лекин Вашингтон руҳоний айбдорлиги исботини топган тақдирдагина жавоб беришини айтди.

Бир пайтлар Эрдўғоннинг иттифоқчиси бўлган Фатҳуллоҳ Гулен кейинчалик Туркия президенти қўллаган авторитар услубларнинг очиқ танқидчисига айланган.

Ҳарбий тўнтариш уринишига дунё лидерларининг муносабати

16 июлда дунёнинг кўплаб давлатлари раҳбарлари Туркияда ҳарбий тўнтариш уринишини қоралаб баёнотлар беришди.

Франция президенти Франсуа Олланд "Туркияда қонуний ҳокимиятнинг сақлаб қолингани"ни олқишлаб чиқди, бироқ тўнтариш уриниши ортидан қатағонлар бошланиб кетиши мумкинлигини айтди.

Германия канцлери Ангела Меркел ҳам президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳокимиятини ағдариш уринишини "кескин қоралади".

У Туркия раҳбарини исён иштирокчиларига муносабатда қонуний давлатчилик меъёрларларига риоя қилишга чақирди.

АҚШ президенти Барак Обама Туркиядаги вазиятни муҳокама қилиш мақсадида 16 июлда ўз хавфсизлик ва дипломатия масалаларидаги маслаҳатчиларини мажлисга йиғди.

Бир кун муқаддам Обама Туркиядаги барча сиёсий кучларни "демократик йўллар билан сайланган ҳукумат"ни қўллаб-қувватлашга чақирганди.

Араб дунёси мамлакатлари ҳам Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни дастаклашларини билдирди.

Қатар, Саудия Арабистони ва Эрон Туркия халқини "демократияни ҳимоя қилиш"га чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG