Линклар

Арманистон пойтахтида полиция биносини эгаллаб олган ва одамларни гаровга олган “Таъсис парламенти” ҳаракатининг қуролланган фаоллари билан музокаралар давом этмоқда.

Арманистон полициясининг юқори лавозимли мулозими Унан Погосян журналистлар билан мулоқотда расмийлар ҳужумчиларни ўз лидерлари Жирайр Сефилян ва ҳаракатнинг бошқа аъзоларини озод қилиш талабидан воз кечишга кўндиришга уринаётганини билдирди.

Давлат тўнтаришига ҳозирлик кўрганлик, ноқонуний равишда қурол сотиб олганлик ва сақлаганликда айбланаётган Сефилян шу йил июнидан бери ҳибсда тутиб турилибди. Погосянга кўра, музокаралар иш бермаган тақдирда полиция гаровдагилар ушлаб турилган бинони штурм билан олиши мумкин.

Погосян қоровул хизмати раҳбарининг ўринбосари Артур Ваноян ўлгани ва яна уч полициячи ярадор бўлганини тасдиқлади. Озодликнинг арман хизмати хабарига кўра, ҳужумчилар етти нафар полициячини, шу жумладан, Ереван полицияси бошлиқ ўринбосари Валерий Осипянни гаровда тутиб турибдилар.

Якшанба тонгида Ереванда 30 чоғли қуролланган шахс қоровул хизмати полки штаби ҳудудига бостириб кириб, бинони эгаллаб олган. “Таъсис парламенти” вакиллари воқеани “ҳукуматни ағдариш” ва “сиёсий маҳбусларни озод қилиш” мақсадида амалга оширилаётган “исён дебочаси” деб атаганлар.

Орасида Тоғли Қорабоғдаги уруш фахрийлари бўлган “Таъсис парламенти” Арманистон президенти Серж Саргсян истеъфоси талаб қилинмиш норозилик намойишларини уюштирган ташкилот сифатида танилган. Ташкилот расмийларнинг Тоғли Қорабоғ бўйича сиёсатини кескин танқид қилиб келади.

Ереваннинг полиция биноси ишғол қилинган Эребуни мавзеига кеча полициячилар ва армия бўлинмалари келтирилган. Қўшни бинолар томига мерганлар чиқарилган, маҳаллий аҳоли вакилларидан бир қисми эвакуация қилинган. Амалиётга Арманистон ички ишлар вазири Владимир Гаспарян раҳбарлик қилмоқда. Бино ишғолидан бироз ўтиб амалга оширилган ҳужумчиларни йўқ қилиш ҳаракати, айрим маълумотларга кўра, муваффақиятсиз якунланган.

XS
SM
MD
LG