Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:03

Меҳнат муҳожирлари Россияда "оқ ишлар"да камайиб, "қора ишлар"да кўпаймоқда


Москвада меҳнат муҳожирлардан бўшаётган иш ўринларини эгаллаётган россияликлар кўпаймоқда. Бу Москвадаги меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси ўтказган тадқиқотлардан маълум бўлди. Тадқиқот муаллифлари, шунингдек, Россия пойтахтида ишлаётган меҳнат муҳожирларининг аксарияти энг кам ҳақ олаётганини аниқлаган.

Ҳисоботда айтилишича, Москвада савдо соҳасида иш билан таминланганлик умумий кўрсатгичи 10 фоизга ошган бир пайтда, хорижий ишчилар сони 54 фоизга, фан ва таълим тизимида 96 фоизга, соғлиқни сақлаш йўналишида эса 13 фоизга қисқарган.

Қурилиш соҳасида, аксинча, хорижий ишчилар сони 167 фоизга, меҳмонхона ва ресторанлар соҳасида эса 120 фоизга кўпайган.

Россияликлар кам ҳақ тўланадиган ишларга кўникишадими?

Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси проректори, иқтисод фанлари доктори Александр Сафонов “Озодлик" радиоси билан сўҳбатда Россиядаги иқтисодий бўҳрон, хусусан, рубль қурбининг пасайиши меҳнат муҳожирларининг Россияни тарк этишларининг асосий сабаблардан бири эканлигини таъкидлади.

Унинг айтишича, эндиликда молиявий бўҳрон россияликларни олдин назарлари илмаган, кам ҳақ тўланадиган ишларга ҳам ундамоқда.

- Иш топишда танловнинг йўқлиги боис, кўпчилик россияликлар кам пул тўланадиган ишларга ҳам кўникишаётир. Қиммат иш кучи арзон иш кучи билан алмаштирилмоқда. Турли соҳаларда маоши баланд ишчилар қисқартирилиб, улар ўрнига камроқ иш ҳаққига рози бўлган ишловчилар қабул қилинмоқда. Бундай соҳаларга асосан меҳнат муҳожирлари қабул қилинади, - дейди академия проректори Александр Сафонов.

Марказий осиёлик муҳожирларнинг қарийб 70 фоизи қурилиш ва савдо соҳаларида ишлашади.

Меҳнат ва ижтимоий академия тадқиқотида Москва бўйича хорижийлар ишлаётган барча соҳалар ҳисобга олингани, бироқ чет элликларнинг қайси давлат фуқаролари эканликларига аниқлик киритилмаган.

Россия миграция идораси ҳисоб-китоблари бўйича, Москвада 3,5 миллиондан ортиқ меҳнат муҳожири истиқомат қилади ва уларнинг 25 фоизи ўзбекистонликлардир. Россия пойтахтида хорижийлар орасида сон жиҳатдан ўзбекистонликлар биринчи ўринда туради.

Россия пойтахти расмийларининг билдиришларича 2015 йили Москва шаҳар бюджетига муҳожирлар патентидан тушган даромад 8 миллиард рублни ($125 млн) ташкил эткан.

Руслар кўча супуриш, юк ташишга тайёрми?

“Миграция - 21 аср“ ташкилоти эксперти Наталия Власова Озодлик билан суҳбатда россияликларнинг кетаётган муҳожирлар ўрнини тўлдиришларига Москвада ҳали етарли шароит яратилмаган.

- 2009- 2010 йилги иқтисодий бўҳрон пайтида ҳам расмийлар хорижийлар кетишади, улар ўринларини россияликлар олишади, деб ўйлашганди. Лекин бундай бўлмади. Ўшанда россияликлар бўшаб қолган жуда кам иш ўринларни эгаллашди. Ҳозирги пайтда фақат иш вакансиялари кам учрайдиган ва иш тополмаган россияликларгина олдин муҳожирлар бажарган ишларга киришаяпти. Муҳожирлар, асосан кам ҳақ тўланадиган ишларни қилишади, аксарият россияликлар бундай маошга рози бўлишмайди. Мамлакат бошқа минтақалардан Москвага келган россияликлар ҳам, муҳожирлар машғул ишларга боришмайди, дейди Наталья Власова.

Тожикистонлик Фурқатнинг айтишича катта ширкат ва корхоналардан фарқли ўлароқ кичик ширкатлар марказий осиёлик муҳожирларни ишга ёллашни афзал кўришади.

- Иш берувчилар руслардан кўра ўзбек ва тожикларга кўпроқ ишонишади ва уларни ишга ёллашга ҳаракат қилишади. Ҳар холда, мен билган савдо ва қурилиш соҳаларида аҳвол шундай. Россия фуқароларини ишга олишса улар 8 соатдан ортиқ ишлашмайди. Улар дам олиш кунлари ишга чиқишга кўнишмайди. Бизни муҳожирлар ҳар қандай қийинчиликка чидашади, ҳалол ишлашади, ароқхўрлик қилишмайди. Ўтган қишда, мен ишлаган сабзавот базасида бир гуруҳ ўзбекистонлик ва тожикистонликларни ишдан бўшатиб, улар ўрнига русларни олишди. Бир ой ўтгандан сўнг, база эгалари яна олдин ишлаган ўзбек-тожикларга патент тўғрилаб, уларни қайта ишга олишга мажбур бўлишди. Чунки россияликлар кам ишлашади, лекин кўп маош талаб қилишади,- дейди Фурқат.

Россия Марказий банки маълумотига кўра 2016 йилнинг биринчи чорагида жисмоний шахслар Россиядан Ўзбекистонга 256 миллион доллар юборган. 2015 йил эса Россиядан Ўзбекистонга меҳнат муҳожирлари 2,37 миллиард (2014 йил 5,653 млрд) пул жўнатган.

2014 ва 2015 йил билан солиштирганда Ўзбекистонга юборилган пул жўнатмалари қарийб 60 фоизга камайган. Россиядан пул жўнатиш бўйича МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистон пешқадам давлат саналади.

XS
SM
MD
LG