Линклар

АҚШда республикачилар қурултойи жанжал билан бошланди


Республикачилар қурултойи ўтаётган бино.

Республикачилар қурултойи ўтаётган бино.

АҚШнинг Оҳайо штатидаги Кливленд шаҳрида 18 июль куни очилган республикачилар партияси қурултойи жанжал билан бошланди. Қурултойда Дональд Трампга қарши бўлган делегатларнинг овоз бериш талаби қондирилмаганидан кейин улар норозилик акцияси уюштирдилар. Партиянинг айрим аъзолари бошқа номзод кўрсатиш учун тартиб-қоидалар ўзгартирилишига умид боғлаган эканлар.

Шунга қарамай, партия раҳбарияти улар етарли даражада қўллов топа олмаганини билдирди. Пировардида қурултойнинг айрим делегатлари шовқин-сурон билан бинони тарк этдилар, бошқалари эса овоз берилишини талаб қилиб, қичқира бошладилар.

Тўрт кун давом этадиган қурултойда Трамп партия ичида дастакка эга бўлиб, 8 ноябрь куни бўлиб ўтажак президент сайловига расман номзод бўлишга умид қилаяпти.

Кливленддаги қурултойга республикачилардан икки мингга яқин аъзо келган.

Кливленд полицияси қурултой ўтаётган жойда норозилик намойишлари бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Айни пайтда Демократик партия вакиллари ўз қурултойларини кейинги ҳафта Филадельфияда ўтказишни режалаганлар. Унда Ҳиллари Клинтон расман президентликка номзод ўлароқ эълон қилиниши кутилаётир.

XS
SM
MD
LG