Линклар

Сешанба 19 июль куни Москвада Россия ҳуқуқ мухофазаси органлари томонидан 11 нафар “Таблиғи Жамоат” ҳаракати вакиллари ушланди. Асосан ўзбек ва тожик миллатига мансуб экани айтилаётган бу муҳожирлардан "ИШИДга хайрихоҳлик билдирилган адабиётлар" мусодара қилингани, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши масаласи кўрилаётгани айтилмоқда.

19 июль куни Россия пойтахтида мамлакат махфий хизматлари "СОБР" махсус бўлинмаси жангчилари ёрдамида 11 нафар "Таблиғи жамоат" исломий ташкилоти вакилларини ушлаганини хабар қилди.

Россиянинг "Лайф" нашрига кўра, асосан хориж фуқаролари экани айтилган бу шахслар Москванинг бир нечта манзилида ҳибсга олинган, улар яшаган квартираларда тинтув ўтказилган.

- Москванинг шимоли-ғарбидаги полиция бўлинмасига 11 нафар экстремистик фаолиятда юритган одам олиб келинди. Улар яшаган манзилларда радикал мазмундаги адабиёт мусодара этилди. Жумладан, ИШИД фаолиятини оқловчи китоблар борлиги аниқланди, деб ёзди "Лайф" махсус хизматлардаги манбасига таяниб.

Қўлга олинган йигитлардан бирининг мусодара қилинган қўл телефонидаги видеотасвирда, терговчиларга кўра, унинг "Покистонга саёҳати тасвирланган".

Россия телеканаллари орқали тарқатилган ҳибсга олиш жараёнидаги видеодан айбланувчилар – бир квартирада хоналарни ижарага олиб яшаб келган меҳнат муҳожирлари эканини кўриш мумкин.

Озодлик ўз манбаларидан Москвада 19 июль куни ҳибс этилганлар асосан ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари эканини аниқлади.

Терговчилар бу шахсларни Россияда тақиқланган "Таблиғи жамоат" исломий ташкилотининг Москва бўлими аъзолари дея гумон қилмоқдалар.

Полиция бу ташкилотга яна бошқа одамлар аъзо бўлиши мумкинлигини ҳам инкор этмади.

Гумонланувчиларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши масаласи кўрилмоқда.

2015 йил октябрида Москвада террорчи хуружини режалаштирганликда гумонланаётган ўн нафарга яқин хорижликни ҳибсга олинганди.

Москванинг Пресненская туманидаги квартирада қўлга олинганларнинг уч нафари суриялик, қолганлари марказий осиёлик муҳожирлар эди.

Аксилтеррор миллий қўмита ходимлари ҳибсга олинганлар тротил эквивалентида 5 килограммлик бомбани мобил телефон ёрдамида метрополитен, аэропорт ёки одамлар гавжум бошқа жойларда портлатишни режалаштирганини иддао қилганди.

Мазкур хабардан бир неча кун ўтиб ФСБ Россия пойтахтидаги транспортлардан бирида террор амалини оширишда айбланиб қўлган олинганларнинг кўпи ИШИДга эмас, балки фаолияти тақиқланган "Ҳизб-ут Таҳрир" партияси аъзолари экани ва уларнинг асосий қисми Россия фуқаролари экани тўғрисида бошқа хабар тарқатилган эди.

Россия ФСБси мамлакатнинг бошқа минтақаларида олиб борилган махсус амалиётларда асосан мусулмон муҳожирлар ҳибсга олинаётгани тўғрисида Озодлик олдин ҳам хабар берган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG