Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:38

Сирдарёда фақат бензин пули тўлаганларга тез тиббий ёрдам кўрсатилмоқда


Сирдарё вилоятининг Сирдарё ва Сайхунобод туманларидаги “Тез тиббий ёрдам” бўлимлари фақат бензин пулини тўлаган одамларга тиббий хизмат кўрсатмоқда. Бир ойдан буён давом этаётган ушбу ҳолат “Тез тиббий ёрдам” машиналари учун бензин йўқлиги билан изоҳланаяпти.

“Бензин пулини берсангиз борамиз”

Озодликка Сирдарё ва Сайхунобод тумани аҳолиси номидан бўлган мурожаатга кўра, 1 ойдан буён “Тез тиббий ёрдам” бўлимларига қўнғироқ қилган одамга, “бензин пули берсанг борамиз” деган жавоб берилмоқда:

“Биз Нурота қишлоғида яшаймиз. Яқинда қариндошимизнинг соғлиги ёмонлашгани учун “тез ёрдам”га қўнғироқ қилсак, “бензин пули бермасангиз, бора олмаймиз” дейишди. Кейин ўзимиз машина топиб, қариндошимни касалхонага олиб бордик”, деди нуроталик йигит.

“5 минг берсангиз, фельдшерни жўнатамиз”

Озодлик мухбири вазиятни ўрганиш мақсадида Сайхунобод тумани “Тез тиббий ёрдам” бўлимига Истиқлол қишлоғининг Нурмаматобод маҳалласида яшовчи мижоз сифатида қўнғироқ қилди.

Бўлимнинг +99867-333-300-03 телефон рақамига қилинган қўнғироққа жавоб берган навбатчи шифокордан қуйидаги жавобни олинди:

Манзилингиз узоқ экан, ҳозир бизда машинамизда бензин йўқ эди. Тўғри тушунасизми, йўқми... узоқроққа фельдшерларимизнинг ўзини жўнатаяпмиз. Фақат йўл кирасини ўзларингиз кўтарсаларингиз, бориб кўриб келишади. 1,5-2 литр бензин пулини берсангиз бўлади, 4-5 минг сўм,- деди Сайхунобод “Тез тиббий ёрдам” бўлими навбатчиси.

“Тез ёрдам”чилар бемор кўргани пиёда бораяпти

Озодлик мухбири Сирдарё тумани “Тез тиббий ёрдам” бўлимига қўнғироқ қилиб ҳам худди шу мазмундаги жавобни олди.

Бўлимнинг исмини очиқламаётганимиз ходимига кўра, беморлардан бензин пули сўралаётганига бензин йўқлиги сабаб бўлаяпти:

“Ўзимизнинг ҳам жонимизга тегиб кетди. Бир ойдан бери одамлардан сўкиш эшитамиз. Бензин йўқ бўлса, чўнтагимиздан тўлаб бормаймизку. Бизда учта фельдшер ишлайди. Бир кунда 30тача вызов тушади. Лекин бензин йўқлигини айтсак, 10-15таси отказ қилади. Бемор Сирдарёнинг ўзида ёки Бахтда бўлса, яқин жойлардаги беморларни пиёда бориб кўриб келаяпмиз", деди сирдарёлик шифокор.

Шифокорнинг айтишича, оғир аҳволда бўлган беморни шифохонага олиб кетиш лозим бўлган ҳолатлари вазиятдан чиқиш мушкул бўлаяпти:

“Таксида борсак такси пулини тўлашади. Таксида битта фельдшер боради. Сирдарё туманида таксида борилса, 4-8 минг сўмгача бўлади. Беморни шифохонага олиб кетиш лозим бўлса, ўша таксининг орқасига ётқизиб олиб келамиз. Агар пиёда борилса, беморнинг қўни- қўшнисидан илтимос қилинади ёки кўчада машина ушлайди. Агар бемор оғир бўлса, албатта тиббий талабларга жавоб бермайдиган таксида олиб келишнинг, бемор соғлиги учун хавфли томонлари ҳам бор”, деди Сирдарё тумани “Тез тиббий ёрдам” бўлими ходимларидан бири.

“Пулимиз бор, лекин бензин йўқ”

Сирдарё туман Тиббиёт бирлашмаси масъулларидан бири исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка айтишича, туманга вилоятдан бензин берилмаяпти:

Бензин бўйича лимитимиз бор. Пулимиз ҳам бор. Лекин вилоятдан сўрасак бермайди. Гулистонда вилоят нефтбазаси бор. Ўша ерга “вагон” келмаяпти экан. Нефтбазага келадиган бензинни шунақа деймиз. Яъни вилоятга бензин келмаётгани учун, бизга беришмаяпти”, деди Сирдарё туман Тиббиёт бирлашмаси масъули.

“Вазиятни ўрганамиз”

Сирдарё вилоятидаги бошқа туманларнинг “Тез тиббий ёрдам” бўлимларидаги вазият борасида Озодликда ҳозирча маълумот йўқ.

Лекин Озодлик мухбири ўрганган Сирдарё ва Сайхунобод туманларидаги вазият бўйича, Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Файзулла Мавлоновга боғландик.

- Ҳозир биз аниқлик киритайлик. Сизга қайтадан қўнғироқ қиламан. Буни бундай бўлиши мумкин эмас. Ҳозир мен шуни муҳокамасини қиламан. Бунақа бўлиши мумкин эмас, унақа мумкин эмас “Тез ёрдам” унақа такси пули берса бориши. Ҳозир мен гаплашай. Сизнинг номерингиз чиқди, қайтадан чиқаман. Аниқлик киритиб айтаман,- деди Файзулла Мавлонов.

Қўнғироқ қилишни ваъда қилган Мавлоновдан телефон бўлмагач, Озодлик мухбири унга бир неча бор қўнғироқ қилди. Бироқ Мавлонов телефон гўшагини бошқа кўтармади.

Ўзбекистонда кейинги 5 йилда тез ёрдамга мурожаат қилувчилар сони 10 фоизга кўпайди.

Sputnik нашрининг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбага таянган ҳолда хабар беришича, биргина жорий йилнинг олти ойида 3 миллион 700 минг одамга тез тиббий ёрдам хизмат кўрсатган.

Бир йилда эса Ўзбекистонда камида 6 миллион 800 минг одам тез ёрдам чақиради.

XS
SM
MD
LG