Линклар

logo-print

Самарқанд, Хўжанд, Сирдарё ва Фарғона водийсида 1916 йилнинг июлида бошланган халқ қўзғолонлари ва бу исёнларнинг Чор Россияси томонидан аёвсиз бостирилганига 100 йил тўлди. Тарихчиларга таянилса, қўзғолонларни бостириш чоғида камида 500 минг киши қириб ташланган.

Ўзбекистон ва Туркманистонда 1916 йилда кўтарилган халқ қўзғолонлари ва бу исёнларнинг Чор Россияси томонидан аёвсиз бостирилганига 100 йил тўлгани билан боғлиқ мавзуни тарихчилар ҳам, фуқаровий жамият ҳам, ҳукумат ҳам эсланмаётир.

Бу сана муносабати билан Тожикистонинг Хўжанд шаҳрида режаланган илмий анжуман бекор қилинган.

Қозоғистон фанлар академиясида анжуман билан эсланган бу сана Қирғизистонда давлат миқëсида нишонланди.

Қирғизистон президенти 1916 йил воқеаларининг юз йиллигини нишонлаш тўғрисида Фармон имзолаган эди.

Президент қарори билан тарихчилардан иборат гуруҳ тузилган бўлиб, уларга 1916 йил воқеаларига тарихий баҳо бериш вазифаси юклатилган.

Бу олимлардан бири профессор Тинчликбой Чўратегиннинг айтишича, бир аср олдин Марказий Осиë халқларининг Оқ Пошшога қарши исëнини эслаш бугунги мураккаб геополитик вазиятда хайрли ишдир:

- 1916 йилда Марказий Осиёдаги халқлар Чор Россиясининг мардикор олиш сиёсатига қарши исён кўтарганди. 1916 йил 25 июнда подшо Николай Иккинчи имзолаган Туркистоннинг рус бўлмаган миллатларидан мардикор олиш тўғрисидаги Фармонга қарши исён ўша йилнинг 4 июлида ўша пайтда Самарқанд вилоятига қарашли бўлган Хўжандда бошланган. Унда ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар иштирок этган эди, - дейди Тинчликбой Чўратегин.

Унга кўра¸1916 йилнинг июлида Самарқандда 25 та, Сирдарёда 20 та, Фарғона водийсида 86 та қўзғолон кўтарилган.

Барча исёнлар Россия қўшинлари томонидан аёвсиз бостирилган. Чор ҳукумати исёнларни бостириш учун 1916 йилнинг 17 июлидан бошлаб Туркистон ўлкасида фақулодда ҳарбий ҳолат жорий этишга мажбур бўлган.

Исёнчиларга қарши 30 минг рус ҳарбийси пулемёт ва замбараклардан ўқ отган. Ёз охирларига бориб Самарқанд, Сирдарё вилоятлари ҳамда Фарғона водийсидаги исёнлар бостирилган.

Тарихчи Гога Ҳидоятов тирик пайтида Озодликка суҳбат бериб, бу унутилиш совет даври мафкурасининг оқаваси эканлигини таъкидлаган эди.

Бундан юз йил олдин содир бўлган қонли воқеалар ҳақида чор даврида ҳам гапириш тақиқланган эди. Аммо халқ бу борада қўшиқлар тўқиди.

"Поездингни жилдирган ўтхонаси билан дўнгалаги"

Чор подишоҳи Николай рафиқаси билан

Чор подишоҳи Николай рафиқаси билан

Марҳум тарихчи Ҳамид Зиёевнинг “Ўзбекистон мустақиллиги учун курашларнинг тарихи” асарида қайд этилишича, зўрлик билан уйларидан олиб чиқиб кетилган мардикорлардан 101 600 киши Россиянинг Европа қисмига, 4000 киши Сибирга, 7405 киши Кавказга жойлаштирилган. Ўн мингдан ортиқ киши Туркистон ўлкасида ишлатилган. Мардикорлар очликдан, хўрликдан, машаққатли меҳнатдан мислсиз азиат чекдилар. Кўплари қаттиқ совуқдан, турли касалликлардан ўлиб кетдилар, ёки бир умрга ногирон бўлиб қолдилар.

Айрим тарихий манбааларда мардикорлар рўйхатида 566-рақам билан қайд этилиб, Андижоннинг Оқёр гузаридан мардикорликка сафарбар этилган 31 ёшли Худойберди Қорабоев мардикорлик мавзусида ёзилган ва ўзбекларнинг миллий қўшиғига айланган “Дўнгалигим” шеърининг муаллифи бўлгани айтилади.

Поездингни жилдирган

Ўтхонаси билан дўнгалаги

Двинскага кетди Андижонни

Мард йигитининг бир бўлаги.

Двинскага кетмас эди

Мард йигитнинг бир бўлаги,

Двинскага кеткизворган

Николай золим замбараги.

Двинскага йўл бўлсин,

Қарағайзоринг қул бўлсин.

Йигитларни қийнаган

Николайинг йўқ бўлсин.

Бизни тўққиз ой ишлатди,

Сизрань деган ўрмонда.

Кетолмаймиз Андижон,

Бир чақа йўқ кармонда.

Сўк ошингни ичмайман,

Ўтигимни ечмайман.

Қорда қарағай кесганман.

Ҳеч ҳаққимдан кечмайман.

Оға соғ борсангиз аввал..

Ўзбек тараққийпарвар шоири Ҳамза Ҳакимзода ҳам 1916 йил қўзғолонини танқид қилиб шеърлар ëзди:

СОҒИНИБ

1916 йилда фронт орқаси ишига олинган бир мардикор тилидан ёзилиб, Фарғонача "Ёр-ёрей" куйига, солинган бир ашула:

Қора сочим ўсиб қошимга тушди, ёр-ёрей
Бу савдолар мани бошимга тушди, ёр-ёрей
Бориб айтинг мани кимки сўраса, ёр-ёрей
Жудоликнинг заҳри ошимга тушди, ёр-ёрей.
(халқ қўшиғи)

Қаттиқ тегма менга мунча юзбошим,
Оқузма кўп ғамим узра кўз ёшим,
Юрак-бағрим ўзи ҳадсиз эзилган,
Юрту ватан, элларимни соғиниб.

Олти ойдур тушдим шундоқ ғурбатга,
Суйганларим ташлаб бирдан фурқатга,
Дилим қондур ширин ўғлон, қизларим,
Муҳаббатлик дилбаримни соғиниб.

Рангим сомон янглиғ дард ила ғамдан,
Жудолиғдан тушган ҳажру аламдан,
Тоқатим йўқ эслаб чидаб турарга,
Ока, сингил, жигаримни соғиниб.

Ўз юртимдан келдим қанча узоғлаб,
Билолмасдан кимдан элим сўроғлаб,
Кундан-кунга ортар дарду ҳасратим,
Мумис аҳли дардларимни соғиниб.

Тушса ногаҳ қайси бири ёдимга,
Фалак титрар чин оҳ урсам додимга
Босолмасман кўнглим кетар дам-бадам,
Қари ота, мадоримни соғиниб.

Юртимдаги эсга тушуб чорбоғлар,
Жўраларим, жондан ортуқ ўртоқлар,
Бутун ақлу ҳушсиз девона бўлғум,
Ўйнаб юрган кунларимни соғиниб.

Алалхусус тўй қилолмай ўғлоним,
Кетарму деб юракда бу армоним,
Қўлум ишга бормас, кўзимдан ўтса.
Ширин қизим Раҳбаримни соғиниб...

Кўнгли синуқ мусофирман қақшатма,
Бўлакларга мани ҳаргиз ўхшатма,
Дилим кўтар ёзиб хатлар элимга,
Ўқусунлар дафтаримни соғиниб.

Қачон озод бўлур, тангри, бошимиз?
Ватан бориб қурур кўздан ёшимиз,
Кўп қатори раҳм айлағил бу зора,
Адо бўлдим элларимни соғиниб.

1916 йил.

САЛОМ АЙТИНГ

(Мардикорлардан бири ўз маҳаллалигидан бир ҳамроҳини юртига узатаётганда айтганлари. Оҳанги эса, "Сар дафтари" мусиқанинг дебочаси бўлган "Савти чоргоҳ" оҳангидадир)

Оға, соғ борсангиз, аввал
Дадамларга салом айтинг.

Югуриб чиққан ул мушфиқ
Онамларга салом айтинг.

Кўзи қон ҳамширам бирлан
Акамларга салом айтинг.

Ўпуб пешонасин менчун
Укамларга салом айтинг.

Қўну қўшни, кичик-катта
Оғамларга салом айтинг.

Саломат денг, онажоним
Кўзин зинҳор ёшлатманг.

Жудолиғ доғи бас, бемор деб
Минг бор қақшатманг.

Онам бечорани ғам бистарига
Зор ташлатманг.

Оға, ҳамшираларга мотамим
Такрор бошлатманг.

Эшитган бўлсалар нотоблиғим,
Ўзга маром айтинг,

Отам ранжитмасунлар бу
Суюк ўғлин аносини,

Ўзи ҳайрон, тополмасдан
Бу дардининг давосини,

Жигар-бағри эзилгандир
Йўқотиб кўз қаросини,

Айурмасин аносидан
Эгам бир қуш болосини,

Отам ёлғуз топиб бу сўзларим
Бир-бир тамом айтинг.

Акам, ҳамширалар мунглуғ
Онамни кўп қувонтирсин,

Саломат эркан ўғлинг деб,
Олуб кўнглин юпантирсин.

Букун, эрта келармиш деб,
Гаҳи алдаб ишонтирсин,

Мани йўқлиғим билдирмасин
Хизматла бу қондирсин.

Чоқириб ҳар бирин мандан бу хил
Арзу паём айтинг...

Сўранг биздан агар келса,
Сўрашиб жўра, ўртоғлар,

Қалай деб сўрасалар, айтинг:
Шукр сиҳат, омон, соғлар.

Келиб қолгай, денг албатта
Оч, илгунча гулу боғлар.

Алар кўнглига ҳам "бетоб"
Дебон солманг қаро дрғлар.

Ёзиб хат ҳол сўрашганга
Саломим ном-баном айтинг.
1916 йил.

Қутлуғ қон ëки қўзғолон ҳақидаги кино олган режиссёрни Советлар қатл қилди

Совет даврининг илк йилларида қўзғолон ҳақида гапиришга изн берилди. 1932 йилда узбек кинорежиссери Сулаймон Хужаев "Тонг олдидан" деган фильмни суратга олди. Фильм 1916 йилги Жиззах қўзғолони ҳақида эди.

1934 йил Сулаймон Хўжаев қамоққа олинди. 1937 йилда "халқ душмани" сифатида отиб ташланди. Тақдир ҳазили билан Хўжаев ўз фильмидаги ўзи ўйнаган бош қахрамон тақдирини такрорлади.

Хўжаев 1916 йилги воқеаларни Совет призмасидан ëритмагани учун қатл қилинган эди. Кейинчалик ўзбек Совет ëзувчиси Мусо Ойбек 1967 йилда бу қўзғолонни коммунистик мафкура қуюшқонида ëритишга уринди. Ëзувчининг “Қутлуғ қон” романи қахрамони бўлган Йўлчи қўзғолонда қатнашиб рус аскари ўқидан нобуд бўлади.

Роман ëзилганидан 50 йил ўтган бўлса ҳам ўзбеки адабиëтида 1916 йил воқеалари акс этган бирор эпик асар яратилмади.

Ўзбекистонлик ëзувчи Ҳабиб Темиров назарида Марказий Осиëда Чор истибдодига қарши қўзғолон мавзусида янги романлар ëзилиши керак.

Ўзбекистонлик сиëсатшунос Комрон Алиев 1916 йил воқеаларини бугунги кунда ўзбек тарихчилари томонидан ўрганишга қизиқиш билдирмаётганидан афсус билдирди.

- Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва “Россотрудничество” федерал агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси “Россиянинг Туркистонни босиб олиши Туркистон учун хайрли бўлди ва минтақа тараққиëтига хизмат қилди” деган анжуманларни ўтказиб ëтибди. Бизни тарихчиларимиз эса 1916 йил 25 июнда подшо Николай Иккинчи имзолаган Туркистоннинг рус бўлмаган миллатларидан мардикор олиш тўғрисидаги ҳақоратли фармонга қарши исённинг 100 йиллиги ҳақида лом-мим демаяпти¸ дея таассуф билдирди суҳбатдош.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG