Линклар

logo-print

Киев расмийлари Павел Шеремет қасддан амалга оширилган қотиллик қурбони бўлганини айтмоқда


Украина Бош прокурори Юрий Луценко журналист Павел Шереметнинг ўлдирилишини қасдан содир этилган қотиллик, деб атади ва бу жиноятни очиш учун қўлидан келган барча ишни қилишга ваъда берди.

Таниқли журналист Павел Шеремет 20 июль куни эрталаб машина портлаши оқибатида ҳалок бўлди. Павел Шеремет ишлаган “Украинская правда” нашри маълумотига кўра, машина Богдан Хмельницкий ва Иван Франко кўчалари кесилишида портлаган.

Машина “Украинская правда” нашри раҳбари Алёна Притулага тегишли бўлган, портлаш чоғида у машина ичида бўлмаган. Портлаш Шеремет ана шу машинада ишга кетаётган пайтда соат 7:45 да содир бўлган. Ҳодиса жойига полиция етиб борган.

Украина президенти Петро Порошенко куч ишлатар тузилмаларга журналистнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатни тезкорлик билан текширишни топширди. У Фейсбукдаги ўз саҳифаси орқали Шереметнинг яқинларига таъзия изҳор қилди.

Украина ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси Антон Герашченко автомобилда қўлбола портлаш мосламаси ишга туширилганини маълум қилди. Бунгача у портлаш мосламаси узоқдан туриб бошқариладиган ёки унга соат механизми ўрнатилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилганди.

Павел Шеремет сўнгги беш йил мобайнида Киевда истиқомат қилаётганди. У “Вести” радиоси билан ҳам ҳамкорлик қилган.

44 ёшли Шеремет Россия, Белоруссия ва Украина оммавий ахборот воситаларида ишлаган. Ўз ватани Белоруссияда у узоқ вақтдан бери ҳокимият тепасида ўтирган президент Александр Лукашенка режимининг танқидчиси сифатида танилган. Ўтган асрнинг 90-йиллари охири ва 2000-йиллар бошларида у Россиянинг ОРТ телеканалида (ҳозирги “Биринчи канал”) ишлаган.

Шеремет ОРТни Россия томонидан Қрим яримороли аннексия қилинган ва Украина шарқида уруш бошланганидан кейин – 2014 йил июлида тарк этганди. Ўшанда у ўз позициясини қуйидагича ифодалаган: “Сўнгги пайтларда Россияда Украинадаги воқеалар ва Россия-Украина уруши ҳақида Кремль ташвиқоти стилистикасига тўғри келмайдиган йўсинда гапираётган журналистларга нисбатан ҳақиқий қувғин бошланди. Мен Қрим аннексияси ва Украина шарқидаги айирмачилар дастакланишини қонли авантюра ва Россия сиёсатининг машъум хатоси, деб ҳисоблайман”.

XS
SM
MD
LG