Линклар

logo-print

Украина бош прокурори: Шеремет қасддан ўлдирилди


Киев. Павел Шеремет ҳалок бўлган жой.

Киев. Павел Шеремет ҳалок бўлган жой.

Украина бош прокурори Юрий Луценко журналист Павел Шереметнинг ўлимини қасдан амалга оширилган қотиллик, деб баҳолаб, бу жиноятни фош этиш учун зарур барча чоралар кўришини билдирди. Бу ҳақда Луценко Фейсбукдаги саҳифасида ёзди.

Украина президенти Петро Порошенко ҳуқуқ-тартибот органларига жиноят юзасидан тезкорлик билан тергов ишларини ўтказиш ва айбдорларни жазолашни топширди.

20 июль куни эрталаб машина портлаши оқибатида таниқли журналист Павел Шеремет ҳалок бўлгани тўғрисида олдинроқ хабар қилинган эди.

Павел Шеремет ишлаган “Украинская правда” нашри маълумотига кўра, машина Богдан Хмельницкий ва Иван Франко кўчалари кесилишида портлаган.

Машина “Украинская правда” нашри раҳбари Алёна Притулага тегишли бўлган, портлаш чоғида у машина ичида бўлмаган. Портлаш Шеремет ана шу машинада ишга кетаётган пайтда соат 7:45 да содир бўлган. Ҳодиса жойига полиция етиб борган.

Павел Шеремет сўнгги беш йил мобайнида Киевда истиқомат қилаётганди. У “Вести” радиоси билан ҳам ҳамкорлик қилган.

45 ёшли Шеремет Россия, Белоруссия ва Украина оммавий ахборот воситаларида ишлаган. Ўз ватани Белоруссияда у узоқ вақтдан бери ҳокимият тепасида ўтирган президент Александр Лукашенка режимининг танқидчиси сифатида танилган. Ўтган асрнинг 90-йиллари охири ва 2000-йиллар бошларида у Россиянинг ОРТ телеканалида (ҳозирги “Биринчи канал”) ишлаган.

XS
SM
MD
LG