Линклар

Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зорян Шкирякка кўра, Шереметнинг ўлдирилишига сабаблар сифатида унинг касбий фаолияти, “ёмон муносабатлар” ҳамда “Россиянинг қўли” каби 3 версия ўрганилади.

Чоршанба куни журналистлар олдида қилган чиқиши чоғида Шкиряк асосий версия Шереметнинг профессионал фаолияти эканлигини айтди. Айни пайтда у олдинроқ Верховная Рада депутати Антон Герашченко томонидан айтилган тахмин – “Россия қўли” версияси ҳам ўрганилажагини айтди.

20 июль куни эрталаб машина портлаши оқибатида таниқли журналист Павел Шеремет ҳалок бўлгани тўғрисида олдинроқ хабар қилинган эди.

Павел Шеремет ишлаган “Украинская правда” нашри маълумотига кўра, машина Богдан Хмельницкий ва Иван Франко кўчалари кесилишида портлаган.

Машина “Украинская правда” нашри раҳбари Алёна Притулага тегишли бўлган, портлаш чоғида у машина ичида бўлмаган. Портлаш Шеремет ана шу машинада ишга кетаётган пайтда соат 7:45 да содир бўлган. Ҳодиса жойига полиция етиб борган.

Павел Шеремет сўнгги беш йил мобайнида Киевда истиқомат қилаётганди. У “Вести” радиоси билан ҳам ҳамкорлик қилган.

45 ёшли Шеремет Россия, Белоруссия ва Украина оммавий ахборот воситаларида ишлаган. Ўз ватани Белоруссияда у узоқ вақтдан бери ҳокимият тепасида ўтирган президент Александр Лукашенка режимининг танқидчиси сифатида танилган. Ўтган асрнинг 90-йиллари охири ва 2000-йиллар бошларида у Россиянинг ОРТ телеканалида (ҳозирги “Биринчи канал”) ишлаган.

XS
SM
MD
LG