Линклар

Россияда ўзбек абитуриентдан ҳужжатга қўшиб бармоқ талаб қилишлари мумкин


Россия фан ва таълим вазирлиги имтиҳон топширишларидан олдин меҳнат муҳожирларини дактилоскопия қилиш - бармоқ изларини олишни қонунга киритмоқчи. Ушбу таклиф, вазирлик расмийларига кўра, муҳожирларнинг имтиҳон топширишда ҳийла-найранг ишлатишларига йўл бермайди.

Олдинроқ Москва шаҳар суди келаётган Марказий Осиё ватандошлари учун дактилоскопия қўллаш лойиҳасини қабул қилганди. Расмийлар фикрларича, ушбу тадбирлар жиноятчиликнинг олдини олиш ва нолегал муҳожирларни аниқлашни осонлаштиради.

Муҳожирнинг бармоқ излари кимга керак

Россия фан ва таълим вазирлигига кўра, ҳозирда имтиҳон топширишга келган муҳожирнинг шахсиятини тегишлича аниқлашга аҳамият берилмайди. Айрим ҳолларда бир шахс ўрнига унга ўхшаш бошқаси кириб имтиҳон бериш ҳоллари учрамоқда. Расмийлар фикрича, бармоқ изларини олиш тадбири бундай фирибгарликларга тўсиқ ясайди.

Чет элликлардан Россияда қонуний ишлашлари учун патент ёки ишга рухсатнома олиш талаб этилади. Бунинг учун улар рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топшириши шарт.

Бироқ, Москва қурилиш иншоотларининг бирида ишлаётган ўзбекистонлик Отаназар Озодлик билан сўҳбатда имтиҳон топшириш пайтида муҳожирлар томонидан бирор фирибгарликни сезмаганини айтади.

- Йўқ, имтиҳонда фирибгарлик қилиш ҳоллари ҳақида эшитмаганман. Имтиҳонни шахсан ўзим топширганман. Россияга биринчи келишим. Доим бир цехнинг ичида ишлайман, ташқарига жуда кам чиқаман. Имтиҳонга келишимдан олдин Ўзбекистонда тайёрланганман. Россияда миграция қонунлари ўзгаргани, имтиҳон топшириш кераклигини эшитиб, интернетдан шу мавзудаги мақолаларни топиб, ўқигандим. 2-3 ой тайёрландим имтиҳон топшириш учун, дейди Отаназар.

Дактилоскопия жиноятчиликни камайтиради...ми?

Ўз номини ошкор этмаслигни сўраган бир қанча меҳнат муҳожири имтиҳонга яхши тайёргарлик кўриб, барча саволларга тўғри жавоб беришганига қарамасдан, имтиҳондан ўта олмагани ва иккинчи маротаба воситачиларга пул тўлаб ижобий баҳо олишганини айтишди.

Москвадаги мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Тонг Жаҳони” нодавлат нотижорат ташкилоти директори Валентина Чупик Озодлик билан суҳбатда таъкидлашича, Россия миграция идораси амалдорлари фақат ўз манфаатларини кўзлашади.

- Муҳожирлардан бармоқ изларини олиш Миграция департаментини қизиқтирмаслиги керак. Энг аввало, имтиҳон берувчининг Россияга киришига тақиқ қўйилгани ё қўйилмаганини текширишлари учун имтиҳон олиш марказларига хорижликларга доир маълумотлар базаси берилиши керак. Чунки жуда кўп ҳоллар учрайдики, меҳнат муҳожирига солиқ, имтиҳон, суғурта ва бошқа тўловларни тўлаб, имтиҳон топширгандан сўнг патент берилмайди. Сабаби - имтиҳон топширган шахснинг Россияга киришига таъқиқ қўйилганидир. Ҳар бир меҳнат муҳожири патент учун ҳужжат топширишидан олдин қонунни бузгани ё бузмаганига текширилиши керак. Бу нарса Россияда миграция қонунчилигининг нотўғри ва инсонларга қарши қаратилганининг яққол далили, деди эксперт Валентина Чупик.

Муҳожирларни имтиҳон топширишдан олдин бармоқ изларини олиш янги қонуни 2019 йил январидан бошлаб кучга кириши белгиланган.

Бундан қарийб бир ой олдин Москва шаҳар суди Россия пойтахтига келаётган Марказий Осиё ватандошларидан бармоқ изларини олиш таклифини қабул этди.

Ҳозирда Москва ва Санкт-Петербург каби йирик шаҳарлар аэропортларида бармоқ излари олинади. Бироқ, темир йўл ва автовокзаллардадактилоскопия қилиш йўлга қўйилмаган.

Москва расмийлари ҳар йили Россия қонунларини бўзган 70 мингдан ортиқ муҳожир иши кўриб чиқилаётгани ва бу ҳакамлар учун катта қийинчилик эканлигини урғулашади.

Суд мулозимларига кўра, рейдлар пайтида қўлга олинган кўпчилик муҳожирлар қўлида бирор ҳужжат йўқ. Айрим ҳолларда ҳужжатсиз муҳожирлар ўзларининг ҳақиқий исм шарифларини айтмай, бировнинг фамилияси остида чегарадан чиқариб юборилади. Бунинг оқибатида, бегуноҳ инсонларга зиён етказилиши мумкин.

Бундан ташқари расмийлар депортацияга тушган бази муҳожирлар ўз исм шарифларини ўзгартириб, қайтадан Россияга келиш ҳоллари ҳам учраётганини тилга олишади.

Тожикистонлик Тоштемирнинг фикрича, олдинги йилларга қараганда бундай ҳоллар анча камайиб қолган.

- Мен билган баъзилар ночорликдан келаяпти, баъзиларини ушлаб, яна қайта депортация қилишаяпти. Олдинлари паспортдаги фамилия ва исмини ўзгартириб келаётганлар кўп эди, ҳозир жуда камайган. Чунки олдинлари бармоқ излари умуман олинмасди, ҳозир патент олишда, албатта, бармоқ излари олинади. Паспортида номини ўзгартириб келган тақдирда, патентга топшира олмайди. Ҳеч ерда қонуний ишга киролмайди. Барибир бир кун эмас, бир кун қўлга тушади ва оқибати батарроқ бўлиши мумкин, дейди Темур.

"Дактилоскопия -порахўрликни кучайтиради"

Қатор эксперт ва ҳуқуқ фаоллари фикрларича, Россияда дактилоскопия қилиш жиноятчиликни олдини олишга эмас, балки коррупция ривожланишига қаратилган.

Ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик ушбу ақида тарафдорларидан бири. Унинг фикрича, муҳожирларни дактилоскопия қилиш бирор ижобий натижа бермайди.

- Россияда дактилоскопия қилинган муҳожирлардан фақат ва фақат депортация қилинган ва малакатдан мажбурий чиқариб юборилганлар бармоқ излари сақланади. Боз устига, маълумотлар базасида муҳожирлардан олинган бармоқ излари жиноят содир этганлар бармоқ излари билан бирлаштирилмаган. Умуман дактилоскопия янги иш ўринлари ва янги навбатлар яратишга қаратилган бўлиб, корупциянинг кучайишига йўл очади, деди Валентина Чупик.

Россия расмийлари ушбу танқидларни асоссиз дея рад этиб келади. Мулозимлар 2015 йилда Пулково аэропортида Россияга кириши тақиқланганидан кейин исмини ўзгартириб қайтиб келишга уринган 173 чет эллик дактилоскопия ёрдамида қўлга олинганини маълум қилди.

Россияда меҳнат муҳожирларидан бармоқ изларини олиш 2013 йилда жорий этилган. Қонунга мувофиқ, бармоқ излари шахснинг 80 ёшга тўлиши билан йўқ қилинади.

XS
SM
MD
LG