Линклар

logo-print

Европа расмийлари Павел Шереметнинг ўлдирилишини диққат билан текширишга чақирмоқда


Журналист Павел Шеремет.

Журналист Павел Шеремет.

Европа кенгаши Парламент ассамблеяси (ЕКПА) раиси Педро Аграмунт журналист Павел Шереметнинг ўлдирилишини “сўз эркинлиги ва журналистлар хавфсизлигига нисбатан амалга оширилган ачинарли ҳужум”, деб атади. У Киевни жиноятни обдон текширишга чақирди ва журналистнинг оиласига таъзия изҳор қилди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳам Шереметнинг ўлдирилиши билан боғлиқ ҳодисани диққат билан тергов қилишга чақирди.

“Биз етук ва қатъиятли журналистни йўқотдик, мен Шереметнинг оиласи, дўстлари ва ҳамкасбларига самимий таъзияларимни йўллайман”, деди ЕХҲТнинг матбуот эркинлиги бўйича мутасаддиси Дунья Миятович “Украинада журналистлар хавфсизлиги билан боғлиқ вазият самарали ва ўз вақтида ҳал этилиши лозим”лигини урғуларкан.

Павел Шеремет чоршанба куни эрталаб Киевда ҳалок бўлди. Тергов тахминига кўра, у бошқарган автомобилда қўлбола портлаш мосламаси ишга тушган. Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари қотиллик сабаби ўлароқ Шереметнинг касбий фаолияти, “ёмон муносабатлар” ҳамда “Россиянинг қўли” каби 3 версия ўрганмоқдалар.

Украина Миллий полицияси раҳбари Хатия Деканоидзе журналистнинг ўлдирилишини текшираётган гуруҳга АҚШ Федерал қидирув бюроси мутахассислари ҳам киритилишини билдирди. Бу ҳақдаги келишувга, Деканоидзе кўра, Федерал қидирув бюросининг Украинадаги вакиллари билан учрашув чоғида эришилган.

Шеремет кетаётган автомобиль “Украинская правда” интернет-нашри эгаси Алёна Притулага тегишли бўлган. Киев прокуратураси ходимлари жиноятчилар айнан Притулага суиқасд қилмоқчи бўлган бўлишлари мумкинлигини билдирганларидан сўнг Украина президенти Петро Порошенко унга қўриқчи тайинлашни топширган.

XS
SM
MD
LG