Линклар

“Тожикистон Ўзбекистон бош вазири мактубини эътиборсиз қолдириши мумкин”


Роғун ГЭСи тўғони қурилиши. 2011 йил 13 октябрда олинган сурат.

Роғун ГЭСи тўғони қурилиши. 2011 йил 13 октябрда олинган сурат.

Тожикистонлик энергетиклар ва баъзи таҳлилчилар Ўзбекистоннинг Роғун ГЭСи қурилишига қарши навбатдаги эътирозларини асоссиз деб ҳисобламоқда. Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев куни кеча йўллаган хати билан тожикистонлик ҳамкасби Қоҳир Расулзодани Роғун ГЭСи қурилишининг тузатиб бўлмас оқибатлари тўғрисида огоҳлантирган эди.

“Барқи тожик” энергохолдингининг собиқ раҳбари Баҳром Сирожов 21 июль куни Озод Европа/Озодлик радиоси тожик хизмати саволларига жавоб бераркан, “Жаҳон банки экспертлари ўтказган тадқиқотларидан сўнг Роғун лойиҳасининг хавфсиз эканлигини тасдиқлаган ва шунинг учун ташвишланишга асос йўқ йўқ”, деди.

Баҳром Сирожов Жаҳон банки 2008 дан 2014 йилгача Роғун ГЭСи қуриладиган жойда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосламаси ҳамда экологик экспертизасини ўтказганини эслатди.

Айтишича, у ўша даврда Жаҳон банки экспертлари гуруҳи билан ҳамкорлик қилган. Сирожовга кўра, тилга олинган молиявий ташкилот 2014 йилнинг августида Роғун ГЭСи қурилиши экологик ва иқтисодий хавфсизликка таҳдид солмайди ва шунинг учун Тожикистон ГЭС қурилишини давом эттириши мумкин, деган хулосага келган.

- Экспертиза ўтказишга Европадаги таниқли компаниялар – Франциядаги “Коен эт Белиер” ва Италиядаги “Электроконсалтинг” компаниялари иштирок этган. Лойиҳанинг иқтисодий жиҳатларини британиялик мутахассислар ўрганган. Тадқиқот натижаларидан келиб чиқиб, улар лойиҳани қайта тиклаш мумкин, деган хулосага келган. Улар таҳдид эҳтимолларини пухта ўрганиб, ташвиш учун сабаб йўқ деган, деди Сирожов.

Иқтисодий масалалар бўйича тожикистонлик таҳлилчи Зафар Абдуллоев ҳам “Барқи тожик” энергохолдингининг собиқ раҳбари Баҳром Сирожовникига ўхшаш фикр билдирди.

Унинг фикрича, Жаҳон банкининг Роғун ГЭСи қурилиши минтақанинг экологик хавфсизлигига таҳдид солмаслиги тўғрисидаги хулосасидан сўнг Ўзбекистон томонининг эътироз билдириши ўринсиздир.

- Нуфузли халқаро экспертларнинг бундай хулосалари билан Тожикистон Ўзбекистон бош вазирининг мактубини эътиборсиз қолдирса ҳам бўлаверади, деди Абдуллоев.

Лекин у Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон энергиянинг муқобил манбаларини излаш, шу жумладан кичик ГЭСлар қуриш, қуёш энергиясидан фойдаланиш каби тавсиялари мантиқли эканлигини тан олди.

Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасби Қоҳир Расулзодага 19 июль куни йўллаган хатида Душанбе билан Италиядаги Salini Impregilo S.p.A компанияси ўртасида Роғун ГЭСи қурилишини давом эттириш ва унинг биринчи навбатини 2018 йилда фойдаланишга топшириш юзасидан шартнома имзоланганидан ташвиш билдирган.

“Тожикистон ҳукуматининг нима қилиб бўлса ҳам Роғун ГЭСи қурилишини давом эттиришдаги қатъияти Тожикистон томонидан олинаётган таваккалчилик қадамлари туфайли юзага келиши мумкин бўлган хавфли ва тузатиб бўлмас оқибатлардан хавотир ҳиссини пайдо қилмай қўймайди”, дейилган Ўзбекистон бош вазири мактубида.

Тошкентлик эксперт Фарҳод Толибов Ўзбекистон ҳукумати Роғун ГЭСи юзасидан ўз ташвишини Душанбега биринчи марта билдирмаётганини эслатиб ўтди. Кейинги йилларда Тошкент Душанбега бир неча бор мурожаат қилган ва уларда ҳам Роғун лойиҳасининг хавфлари тўғрисида айтилган.

- Бу Роғуннинг минтақа хавфсизлигига таҳдид солиши тўғрисида бизнинг экспертлар фикрлари билан асосланган ва аввал ҳам бир неча бор билдирилган эътирозлардир. Бундай эътирозлар йиллардан бери айтилмоқда. Моҳиятан бу ерда янги гап йўқ. Ўзбекистон бундай хатлар билан мазкур муаммога эътибор қаратмоқчи, деди Фарҳод Толибов.

Таҳлилчилар ўзбек-тожик муносабатлари кейинги ойларда, айниқса Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 23-24 июнь кунлари Тошкентда ўтган саммити доирасида икки давлат етакчилари учрашувидан сўнг бироз илиқлашганини эътироф этмоқдалар.

Марказий Осиёдаги икки йирик дарёнинг қуйи қисмида жойлашган давлатлардан бири бўлган Ўзбекистон дарёлар бошидаги давлатларнинг гидроэнергетик иншоотлар қуришига қарши бўлиб келмоқда. Гап Тожикистоннинг Вахш (Амударёга қуйилади) дарёсида Роғун ва Қирғизистоннинг Норин (Сирдарёга қуйилади) дарёсида Қамбарота ГЭСлари қурилиши устида бормоқда.

Ўзбекистон ўзнинг қатъий позициясини бу иношоотлар қурилган тақдирда минтақада сув тақчиллиги юзага келади, деган фикр билан изоҳлаб келади.

Бироқ Қирғизистон энергетика ва саноат вазирининг собиқ ўринбосари Рахимбек Мамировнинг айтишича, минтақадаги мамлакатларнинг сув таъминоти давлатлараро шартномалар билан тартибга солинади.

Тожикистондаги Нурек ва Қирғизистондаги Тўқтағул гидроэлектростанциялари тоғли ҳудудларда қурилган бўлиб 40 йилдан буён ишламоқда.

Иккала гидроиншоот ҳам Совет даврида қурилган бўлиб, қўшни республика раҳбариятининг бу қурилишларга эътироз билдиргани тўғрисида маълумот йўқ.

Тожикистон раҳбарияти Роғун ГЭСи тўғонини 335 метрга кўтармоқчи. Агар тўғон шу баландликда барпо этилса, ҳосил бўладиган сув омборида 13,3 млрд куб метр сув тўпланади. Қиёслаш учун: мавжуд Нурек ГЭСи тўғони баландлиги 300 метр бўлиб, сув омборида 10 млрд куб метр сув тўпланади.

Маълумотларга қараганда, Роғун ГЭСи лойиҳада назарда тутилгандай қурилса ва умумий қуввати 600 МВтни ташкил қилувчи 6 та гидроагрегат тўла қувват билан ишга тушса, 3600 МВт электр қуввати ишлаб чиқариши мумкинки, бу 3 та ядро реактори қувватига тенгдир.

Айттилишича, Роғун ГЭСи қурилишини охирига етказиш учун ёлланган "Salini Impregilo" компанияси гидроэнергетик иншоотлар қуриш тажрибасига эга. Компания шу пайтгача Эфиопияда қурган қиймати 2,8 млрд. долларлик ГЭС 2200 МВТ электр қуввати ишлаб чиқармоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG