Линклар

logo-print

Наманганда ИШИДга қўшилишга уринган етти киши қамалди


Суриядаги ўзбек жангариси - андижонлик Абу Усмон.

Суриядаги ўзбек жангариси - андижонлик Абу Усмон.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди “Исломий давлат” террор гуруҳи сафига қўшилиш учун Сурияга кетмоқчи бўлган 7 шахсни беш йилдан тўққиз йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилди. Мамаюсуф Маҳмудов бошчилигидаги ушбу гуруҳ аъзолари Россияга ишлашга бориб, Одноклассники тармоғи орқали ишидчилар билан алоқа ўрнатиш ва жиҳодга кетишни режалаганликда айбланди.

Одноклассники орқали топишган "ишидчилар"

Наманган вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, етти кишилик гуруҳга бошчилик қилган Мамаюсуф Маҳмудов тўққиз йилга, гуруҳнинг бошқа аъзолари эса беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилинган.

Манба таъкидича, ушбу гуруҳ аъзолари Россияга ишлашга бориб, у ерда Одноклассники ижтимоий тармоғи орқали “Исломий давлат” жангарилари билан алоқа ўрнатган ва Ўзбекистонга қайтиб келиб, Сурияга кетишни режалаган пайти ҳибсга олинган.

Манба берган маълумотларга кўра, хавфсизлик идоралари мазкур гуруҳ аъзоларининг Одноклассники орқали мулоқотлари ва Намангандаги йиғинларини мунтазам кузатиб турган.

“Улар тўрт ой аввал Туркия орқали Сурияга кетиш бўйича якуний қарорни берган пайти МХХ томонидан ушланган”, дейди Наманган вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги исмини очиқламаётганимиз манба.

Наманган вилоят прокуратурасидаги манбага таянган “Интерфакс” агентлиги маълумотига кўра, гуруҳ ўзини “жиҳодчилар” деб атаган:

“Тергов давомида бу шахсларнинг Ўзбекистонга қайтганда ўзи билан экстремистик руҳдаги материалларни электрон воситаларда ноқонуний тарзда мамлакат ичкарисига олиб киришга муваффақ бўлгани ва уларда пропаганда мақсадида фойдалангани аниқланган. Мунтазам йиғинларда гуруҳдагилар экстремистик ва ақидапарастлик ғояларини муҳокама қилган¸ радикалларнинг жиҳод қилиш ҳақидаги чақириқларини тинглашган”¸ дейилади “Интерфакс” хабарида.

Сурияга кетмоқчи бўлган "ишидчи" ўқувчи

Бу кейинги тўрт ой ичида ИШИД билан боғлиқ Намангандаги иккинчи маҳкамадир.

Апрель ойида Наманган шаҳридаги академик лицей ўқувчиси ҳам ИШИДга қўшилишга уринишда айбланиб, озодликдан маҳрум қилинган.

Наманган вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, ушбу ўсмир ҳам Одноклассники орқали “Исломий давлат” жангарилари билан алоқа ўрнатган.

“Бу бола лицейда ўқиб юрган пайти жиҳодга чорловчи видеоларни мунтазам томоша қилиб келган. У жиҳодчилар билан Интернет орқали алоқа ўрнатган ва жиҳодчилар сафига қабул қилинган. Уни Россия ёки Туркия орқали Сурияга олиб чиқишмоқчи бўлган пайти МХХ томонидан ҳибсга олинган. Суд унинг барча жиноятларини аниқлаб, тегишли жазосини берди”, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Қамалган ишидчилар сони кун сайин кўпаймоқда

Турли тахминларга кўра¸ ҳозирда Сурия ва Ироқдаги турли жиҳодчи гуруҳлар сафида 500 дан 3000 минг нафарга қадар ўзбекистонлик бор. Улар аксарининг Россияда турли ижтимоий тармоқлар воситасида жиҳодчиликка ëллангани айтилади.

Жорий йил бошидан буён Россия ва Туркияда Сурияга кетмоқчи бўлган ўнлаб ўзбекистонликлар ҳибсга олинди. Май ойида АҚШда ИШИДга алоқадорликда айбланаётган олтинчи ўзбекистонлик қўлга олинди

Ҳуқуқ фаолларига кўра¸ сўнгги 8 ой ичида ИШИДга алоқадорлик айби билан 200 дан ошиқ одам ҳибсга олинган ва уларнинг қамоққа олинишига айнан компьютер ва мобил телефонидан экстремистик мазмундаги диний материаллар топилгани асос бўлган.

XS
SM
MD
LG