Линклар

“Эзгулик” фаоллари қамоқдаги Муҳаммад Бекжон билан учрашди


Муҳаммад Бекжон.

Муҳаммад Бекжон.

20 июль куни Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Васила Иноятова ва журналист Абдураҳмон Ташанов Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги 64/48 сонли жазони ишро этиш муассасасида бу қамоқхонада сақланаëтган журналист ва сиëсий фаол Муҳаммад Бекжон билан учрашди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Абдураҳмон Ташановга кўра¸ Муҳаммад Бекжоннинг саломатлиги яхши ва 1999 йилдан бери қамоқда қолаëтган сиëсий маҳбусга нисбатан қамоқхона нозирлари босими¸ нисбатан¸ камайган.

61 ёшли Муҳаммад Бекжон мухолифат фаоли¸ Ўзбекистон халқ ҳаракати етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг укаси ва қамалгунга қадар "Эрк" газетасининг бош муҳаррири бўлган.

У Тошкентдаги 1999 йилги портлашлар ортидан Киевда ўғирланиб, Ўзбекистонга келтирилган ва портлашларга алоқадорликда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Уч йил аввал Муҳаммад Бекжоннинг қамоқ муддати тугашига бир ой қолганида қамоқхона маъмуриятига бўйсунмаслик айби билан яна 4 йилу 8 ойга маҳкум этилди.

Муҳаммад Бекжонга берилган сўнгги қамоқ муддати келаси йил бошида тугайди. Ҳозирча унинг озодликка чиқарилиши мавҳумлигича қолмоқда.

Халқаро майдондаги қатор нуфузли ташкилотлар Ўзбекистон қамоқхонасида энг узоқ қолаëтган сиëсий маҳбуслардан бири бўлган Муҳаммад Бекжонни озод қилиш мақсадида глобал компания бошлаган.

“Эзгулик” вакилларига кўра¸ уларнинг бошқа қамоқхоналар¸ хусусан¸ Қорақалпоғистондаги Жаслиқ қамоқхонасига бориб¸ бу ердаги маҳбуслар¸ хусусан¸ сиëсий маҳбуслар билан учрашишига ҳам рухсат берилган.

XS
SM
MD
LG