Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:43

Мюнхен полицияси: "Олимпия" савдо марказига бир киши ҳужум қилгани аниқланди


Германия полицияси жума куни Мюнхен шаҳридаги “Олимпия” савдо марказига ҳужум бир шахс томонидан амалга оширилганини маълум қилди. Полициянинг айтишича, унда тўққиз киши ҳалок бўлган ва яна 16 одам жароҳат олган, улардан уч нафарининг аҳволи оғир қолмоқда.

Германия ва Эрон қўш ватандошлигига эга бўлган 18 яшар йигит, полиция маълумотига кўра, ҳужумдан сўнг ўзини отиб ташлаган.

Шанбага ўтар кечаси Мюнхенда уч киши савдо марказига қуролли ҳужум қилгани ҳақида хабарлар тарқалиши ортидан полиция кенг кўламли қидириш амалиётини бошлаган эди.

Гумонланувчининг жасади “Олимпия” савдо марказидан бир километр узоқликда топилди.

Мюнхен полицияси бошлиғи Хубертус Андрае шанба куни эрталаб ўтказилган матбуот йиғинида гумонланувчи шахснинг полицияга маълум бўлмагани, унинг террор гуруҳларига алоқадорлиги аниқланмаганини айтди.

Қуролли ҳужум уч киши томонидан содир этилгани ҳақидаги хабарлар гувоҳлар икки киши савдо марказидан машинада “тез суръатда” чиқиб кетаётганини кўрганларидан кейин тарқалди.

Аммо Хубертус Андрае икки нафарнинг ҳужумга алоқаси бўлмаганини айтди.

"Ушбу жиноят мотивлари мутлақо номаълум," деди Мюнхен полициясининг бошлиғи.

Хубертус Андраенинг илова қилшича, қурбонлар орасида ёш болалар ҳам бор.

Ҳодиса ортидан Бавария пойтахти марказида транспорт ҳаракати бутунлай тўхтатилди, одамлар темир йўл станциясидан эвакуация қилинди.

Жамоат транспорти ҳодисадан бир неча соат ўтиб қайта очилди.

XS
SM
MD
LG