Линклар

Шерободда ногирон эркак туман миллий хавфсизлик биноси ўнгида ўзига ўт қўйди


Шеробод, Сурхандарё вилояти

Шеробод, Сурхандарё вилояти

22 июль оқшомида Сурхондарё вилояти Шеробод тумани Миллий хавфсизлик биноси ўнгида ўзига ўт қўйган иккинчи гуруҳ ногирони Шербой Райимовнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Туман ички ишлар ходимлари 42 ёшли Райимов “асабий-руҳий хасталиги ўзгариши туфайли” ўз жонига қасд қилганини айтишди.

Аммо, Шербой Райимов сўзларига таяган яқинларининг Озодликка маълум қилишларича, у Миллий хавфсизлик ходимлари таъқибларига чидай олмай ўзига ўт қўйган.

Ички ишлар ходимларига кўра, ҳодиса юз берган оқшомнинг ўзидаёқ Шеробод туман прокуратураси Ўзбекистон Жиноят кодексининг “ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш” моддаси билан жиноят иши қўзғатган.

Маҳаллий шифокорларга кўра, Шербой Райимов танасининг 65 фоизи куйиб кетган.

Худкушлик уриниши

Яқинларига кўра, жума оқшомида туман марказидан иниси автомобилида ўзи яшаган “Қўрғон” маҳалласидаги уйига қайтаётган Шербой Райимов “Шерободдаги кўприк устида” машинадан тушиб қолади.

Йўл бўйидан бир литр бензин сотиб олади ва кўп ўтмай Шеробод марказида жойлашган Миллий хавфсизлик биноси ўнгида бензинни елкаcидан қуйиб, ўзига ўт қўяди.

Қўрқинчли манзарага гувоҳ бўлганлардан бирининг Озодликка маълум қилишича, яқин атрофда бўлган бир неча киши олов ичида қолган Райимовнинг ҳаётини сақлаб қолишади.

Райимов ўзига ўт қўйишидан бир соатча ўтиб етиб келган тез ёрдам машинасида Шеробод туман марказий шифохонаси жонлантириш бўлимига олиб кетилади.

Райимов бадани уст қисмининг чап томони, орқа томони, елкаси, чап қўли бутунлай куйиб кетган. Баданининг олд томонидан қорни ва бир оёғи куйган. Жаъми 65 фоизи куйганда. Кўкрак қафасидан теппа ва олд томонига зиён етмаган,” деди Райимовни даволаётган врачлардан бири.

Унинг илова қилишича, жонлантириш бўлимида ётган Шербой Райимовнинг аҳволи оғир қолмоқда ва унинг “тирик қолиб-қолмаслиги келгуси 24 соат ичида маълум бўлади”.

Икки талқин

Шеробод туман ҳуқуқ-тартибот идораларининг ишонишича, Шербой Райимов руҳий хастадир.

Ҳодисадан воқиф ички ишлар ходимларига кўра, Шербой Райимовнинг суиқасд уринишига унинг айнан “руҳий хасталиги” сабаб бўлган.

22 июль соат 21ларда Қўрғон маҳалласида яшовчи 74 йилда туғилган Шербой Райимов асабий-руҳий хасталиги ўзгариши сабабли “Мустақиллик” кўчасида жойлашган “Фаровон” савдо дўкони ёнида 1 литрли политилен идишда бензин ёқилғисини устидан қуйиши натижасида ўзини ёқиб юборган. Ўз жонига суиқасд қилиб, ҳаётига хавфли тан жароҳати етказиб, туман марказий шифохонасига тушган,” деди Шеробод туман Ички ишлар идораси ходими.

Бироқ яқинларига кўра, оилада ўн фарзанднинг тўнғичи бўлган Райимов май ойидан ўз жонига қасд қилган кунга қадар “ваҳима ичида” юрган.

Шербой ёшлигидан иккинчи гуруҳ ногирони. Кўзи яхши кўрмайди. Уч фарзандини оладиган нафақаси ҳисобига боқади. Термиз йўлида хотини сув, семичка сотиб рўзғорни зўрға тебратади. Шербойнинг ўзи май ойидан бери кўчага чиқишга қўрқиб қолганди, ваҳима ичида юрарди. СНБ орқамдан юрипти, мени тинч қўйишмаяпти, савдодан олган даромадимизниям олиб қўйишаяпти, дер эди. Аммо, уни орқасидан ким тушганини ёки қандай тазйиқ ўтказганини бизга айтмасди,” дейди Раҳимов яқинларидан бири.

Туман прокуратураси ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103 моддаси 1 биринчи қисми билан тергов-суриштирув ишини бошлаган.

Айни модда “ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш”ни назарда тутади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG