Линклар

Ўзбекистон ва Хитой газ шартномасини янгилаш ҳақида музокара бошлади


Ўзбекистон ва Хитой янги газ шартномасини тайёрлаш бўйича музокаралар жараёнини бошлади.

Sputnik нашрининг Хитой Тижорат вазирлигидаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, музокаралар ҳали-ҳозир бошланғич босқичда, шу важдан шартнома бир неча йилга тузиладими ёки фақат 2017 йил учунми – шу тобда аниқ эмас. Нашр манбаси шартнома муддати етказиб берилажак газ ҳажми ва нархи белгиланадиган формула билан тиғиз боғлиқ бўлгани учун ҳозирча бу борада аниқ бир гап айтиш имконсизлигини қайд этган. Айни пайтда хитойлик мулозим Ўзбекистон билан бўлажак музокараларда жиддий муаммолар юзага келмаслигига ишонч билдирган.

Экспертлар тахминича, Ўзбекистонда йилига 55-60 миллиард куб метр газ қазиб олинади.

2016 йили Ўзбекистон Хитой билан 10 миллиард куб метр газ етказиб бериш ҳақида шартнома имзолаган. Айни пайтда таҳлилчилар жаҳон бозорида ёқилғи баҳоси ўйнаб тургани учун Хитой бу йил Ўзбекистондан ўтган йилдаги газнинг ярминигина олиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

XS
SM
MD
LG