Линклар

logo-print

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида ўтган йили МХХ тарафидан бошланган молиявий тафтиш ортидан Сенатда Бош бухгалтер бўлиб ишлаган Муҳаббат Юсупова катта миқдорда пул-валюта маблағларини ўзлаштиришда айбланиб ҳибсга олинган. Озодлик радиосининг ҳуқуқ тартибот идораларидаги манбаларининг тасдиқлашича, МХХ ва прокуратура тергов гуруҳи шу кунларда ҳам тафтишни давом эттираётир.

Озодликка маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида бош ҳисобчи бўлиб ишлаган Муҳаббат Юсупова катта миқдорда пул-валюта маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, ўтган йили ноябрида ҳибсга олинган. Озодлик радиоси Юсуповадан ташқари терговга тортилган бошқа мулозимлар ҳақидаги маълумотларни ўрганмоқда.

Озодлик суриштируви давомида Сенатдаги камомадлар аниқланди.

Озодлик суриштируви давомида Сенатдаги камомадлар аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси ўринбосари Светлана Ортиқова Озодлик билан суҳбатда молиявий тафтиш ҳақидаги ҳақидаги маълумотни инкор этмади. Бироқ Олий мажлис Сенати бош ҳисобчиси Муҳаббат Юсупованинг ўз аризасига биноан ишдан кетганлигини таъкидлади.

- Менда расмий ҳужжатлар қўлимда йўқ. Мен ҳуқуқшуносман. Қўлимда расмий ҳужжатлар бўлса, сиз билан батафсил бу ҳақда гаплашган бўлардик. Бу аëл (Муҳаббат Юсупова таҳр.) Сенатдан ўз аризасига кўра¸ ишдан бўшатилган. Ҳозир бошқа бухгалтер ишлаяпти¸ деди сенатор Светлана Ортиқова.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатларидан бирининг исми сир қолиш шарти билан Озодликка билдиришича¸ тафтиш пайтида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида катта молиявий камомад ва пул ўзлаштириш ҳоллари аниқланган.

Унга кўра¸ Муҳаббат Юсупова ўтган йилнинг ноябрь ойида ишдан бўшатилган ва давлат маблағларини ўзлаштириш айби билан ҳибсга олинган.

"Молиявий жиноятларда айбланаётган Муҳаббат Юсупова МХХнинг Юнусободдаги изоляторида қолмоқда" - деди парламент аъзоси.

Озодлик радиосининг ҳуқуқ тартибот идораларидаги манбаларининг тасдиқлашича, МХХ ва прокуратура тергов гуруҳи шу кунларда ҳам тафтишни давом эттираётир.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига яқин манбанинг Озодликка айтишича, тергов иддаосига кўра, депутат ва сенаторларга бериладиган сафар харажатлари ўзлаштирилган, қоғозда оргтехника сотиб олинди ва компютерларга дастурлар ўрнатилди, дея расмийлаштириб¸ бунга ажратилган пул шахсий чўнтакларга тушган.

Айни манбанинг таъкидлашича, жорий йил январида Сенат бош ҳисобчиси сифатида Бобомурод Ҳолиқов тайинланган бўлса ҳам, тафтиш тугамаган.

Мақолада келтирилган барча даволар бир - биридан мустақил, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги манбалари томонидан илгари сурилган.

Озодлик радиоси ушбу журналистик терговини давом эттирмоқда.

------

Мавзуга оид ҳужжатларни Озодлик радиосига сиздирмоқчи бўлсангиз, ozodlikmail@gmail.com га ёзинг. АҚШ конгреси томонидан молияланадиган ва 60 йилдан ошиқ вақт мобайнида Ўзбек халқи учун холис ахборот етказиб бераётган Озодлик радиоси АҚШ конституцияси асосида ўз манбаъларининг шахси сир қолишини кафолатлайди.

XS
SM
MD
LG