Линклар

logo-print

Россия ҳукумати миграция тўғрисидаги қонунларга истиқомат ҳуқуқига эга, яхши пул топувчи ва иш жойи билан таъминланган меҳнат муҳожирларини мамлакатдан чиқариб юбормаслик имконини берувчи ўзгартишлар киритмоқчи.

“Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги Россия Федерацияси Кодексига ўзгартишлар”, деб номланган ҳужжат парламентга юборилган.

Ҳужжатда, масалан, қайддан ўтиш муддатини ўз вақтида узайтира олмаган мигрант эндиликда депортация қилинмаслиги белгиланган.

Яқинда Россия Конституциявий Суди “Россия Федерациясидаги хориж фуқаролар ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Қонуннинг 8- моддаси 6- банди Россия Федерацияси Конституциясига мос келмаслигини тан олди.

Бу моддага мувофиқ, ҳар йили мигрантлар ўзининг Россияда яшаш жойини маҳаллий миграция идорасига билдириб туриши лозим. Бунинг учун мигрантлар бир неча кун давомида навбатда туриб, тегишли инспектор қайдидан ўтишлари лозим.

2013 йилда жорий этилган "Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги Кодекс"нинг 18.8 моддаси асосида ҳатто кўчани нотўғри кесиб ўтган ёки бирор тўловни бир кунга кечиктирган хорижлик автоматик тарзда мамлакатдан чиқариб юборилиши белгиланган.

Шу тариқа, миграция қонунчилигидаги ўзгартишлар Россия Конституциявий Судининг шу йилнинг февралида чиқарилган қарори асосида киритилаётгани маълум бўлди.

Гап шундаки, Молдавия ватандоши бўлган Михаил Цуркан Россиядан чиқариб юборилгани устидан аввалига маҳаллий судларга арз қилди, натижа бўлмагач у Конституциявий Судга мурожаат қилди. Шунда Конституциявий Суд ҳакамлари қуйи суд идораларига муҳожирнинг турмуш тарзи, унинг меҳнат фаолияти ва қонунларга итоаткорлигини инобатга олишлари шартлигини белгилаб берди.

Бу ва бошқа тузатишлар Дмитрий Медведев ҳукумати томонидан Думага киритилган қонун лойиҳасида ўз аксини топди.

Агарда ҳукумат ўзгартишлари маъқулланса, муҳожирни чиқариб юбориш-юбормаслик масаласини ҳал этаётган судлар хорижликнинг Россияда узоқ муддат яшаб келаётгани, унинг оилавий аҳволи, унинг солиқ тўловлари тарихи, даромад манбайига эга бўлиши ва уй-жой билан таъминланганлиги ҳамда унинг фаолият тури ва касби, қонунларга итоаткорлиги, Россия ватандошлигини олишга ҳужжат топширгани ва бошқа вазиятларни инобатга олиш имконига эга бўладилар”, дейилади хабарномада.

Шунингдек, Конституциявий Суд ҳакамлари Россияда оиласи мавжуд мигрантларни ҳам мамлакатдан бадарға қилмасликни тавсия қилди. Улар ҳар бир вазиятни алоҳида ўрганиб чиқиш зарурлигини белгилаб берди.

Бу кўрсатмалар асосан Москва ва Санкт-Петербург мегаполислари ва тегишли вилоятларга тааллуқли эканини қайд этидлди, зеро федерал миқёсга эга айнан Москва ва Петербург шаҳарлари, Москва ва Ленинград вилоятларидан чиқариб юборилган муҳожирлар сони умумий ҳисобдан 50 фоизни ташкил этади.

Шу билан бирга, расмий сайтга илинган миграция соҳасига оид яна бир қонун лойиҳасида вақтинчалик яшаш гувоҳномаси (ВНЖ)га эга хорижликларга бу ҳужжатнинг амал қилиш муддати охиригача махсус виза берилиши белгиланганини кўриш мумкин.

Вақтинчалик яшаш рухсатномаси (РВП ёки Разрешение на временное проживание.-таҳр.) унинг эгасига Россияда иш патентларисиз ва ойлик патент тўловларисиз ишлаш ҳуқуқини беради.

Россия Миграция идораси расмий маълумотича, 2016 йил бошида мамлакатда қарийб 9 миллион 900 минг муҳожир қайдда туриб яшаб келган. 2013-2015 йиллар давомида Россия судлари томонидан мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида 513 мингдан зиёд қарор чиқарилган.

Россияга киритилмаётган хориж ватандошлари сони аллақачон 1,6 миллион кишидан ошгани маълум.

Уларнинг аксар қисмини Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон республикалари ватандошлари ташкил этади.

Айни пайтда, Россия Миграция идораси ўтган бир йил давомида ишга рухсатнома ва патент расмийлаштирган муҳожирлар сони 2014 йилга нисбатан 44 фоизга камайганини очиқлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG