Линклар

Россиянинг турли минтақаларида яшаётган ўзбекистонликлар номлари маҳаллий криминал хабарларда тез-тез учраб туради. Рус полицияси мамлакатда меҳнат қилаётган муҳожирлар томонидан содир этилган жиноятлар сони йилига 5-6 фоизга кўпайиб бораётганидан хавотир билдирмоқда.

Петербургда икки ўзбекистонлик ҳамюртини зўрлади

Ленинград вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизматига кўра, Санкт-Петербургда ўзбекистонлик аёл икки ҳамюрти томонидан калтакланиб, зўрланган.

Полициячилар Петербург шаҳри Фрунзе туманида ўтказган рейд натижасида ушбу ҳодисага алоқадорликда гумон этилган икки ўзбекистонликни - 31 ёшли юк ташувчи ва 21 ёшли ҳайдовчини қўлга олган.

Полиция расмийларига кўра, ўзбекистонлик икки шахс тонгда 29 ёшли аёлни Фрунзе тумани, Салов кўчасидаги омборга судраб кирган ва зўрлаган. Ҳодисадан сўнг аёл полиция бўлимига келиб, калтаклангани ва номусига тажовуз қилинганини айтиб берган. Ҳозирда ҳар икки шахс ҳибсга олинган ва зўрланган ўзбекистонлик аёл кўрсатмалари ўрганилмоқда.

Ставрополда 14 яшар қизни зўрлаган уч ўзбек қамалди

Ставрополь ўлкаси маҳкамаси 14 ёшли қизча билан “жинсий алоқа қилиш” ва унга ўлдириш билан таҳдид қилган уч нафар ўзбекистонликни ўн саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм этди.

Маҳкама расмийларининг билдиришларича, Ўзбекистон ватандоши Бунёдбек Маткаримов 14 ёшли маҳаллий қизни уйланиш ваъдаси билан номусига теккан.

Суд расмийларининг билдиришича, Маткаримов ва унинг яна икки ўзбекистонлик шериги қизчани ўлдириш билан қўрқитиб, унинг номусига теккан.

Ставрополь суди Бунёдбек Маткаримовни 8,5 йилга ва унинг шерикларини 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этди.

Кредит пулларни ўзлаштириб юборган ўзбекистонлик Москвадан экстрадиция қилинди

Москва вилояти матбуот хизмати расмий сайтида билдиришича Ўзбекистонда қидирувда бўлган ишбилармон Ойбек Мирзабоев Ўзбекистон ҳуқуқ- тартибот органлари қўлига топширилган. Прокуратурага кўра, ишбилармон Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167 моддаси, 3- қисми (“ўғирлик”) ва 209 моддаси, 2- қисми (“мансаб сохтакорлиги”) айбловлари бўйича гумон этилмоқда.

Москва вилояти ички ишлар вазирлиги Ойбек Мирзабоев 2010 йилнинг июлида Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида “Дюкейн” номли хусусий ширкатга раҳбарлик қилгани ва “бешта уй қурилишига сарфланиши керак бўлган бюджет маблағларини ўзлаштиргани”ни маълум қилди.

Ойбек Мирзабоев Москва вилоятининг Солнечногорск туманида ўтган йилнинг ноябрида қўлга олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG