Линклар

Ўзбекистон чемпиони жинсини ўзгартирмоқчи


Н. жарроҳлик амалиёти ўтказиб, ўғил болага айланишни истайди.

Н. жарроҳлик амалиёти ўтказиб, ўғил болага айланишни истайди.

WhatsApp орқали Озодликка боғланган ўзбекистонлик 21 яшар қиз Н. (исми Озодликка маълум) жарроҳлик амалиёти ўтказиб, жинсини ўзгартириш орзусида яшаётганини маълум қилди.

Н. "жисмонан ва руҳан" ўзини эркак деб ҳис қилиши, бироқ барча ҳужжатларда аёл сифатида қайд этилганини айтди.

Озодлик билан суҳбатда у 2009 йилда енгил атлетика бўйича ўсмир қизлар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида ғолиб чиққани, аммо тиббий кўрик пайтида шифокорлар унинг жисмида кўпроқ ўғил бола аломатларини топгани учун, халқаро мусобақаларда қатнаша олмаганини билдирди.

"Жинсий органларим аёл кишиникидан анча фарқ қилади, эркак кишиникига яқинроқ, - дейди Н. - Қўпол қилиб айтганда, мен ўғил болалар билан гаплашиб ўрганиб қолганман..., ташқи кўринишимам, ички дунёимам ўғил боланики."

Асли андижонлик Н. 4 йилдан буён Россияда яшайди.

"Ўзбекистонда қиз бола бўлиб яшаш жудаям азобли ва ачинарли бўлди," деб эслайди у.

Н.нинг айтишича, дастлаб қаршилик кўрсатган яқинлари, кейинчалик унинг ўғил болага айланиш орзусини тушуниш билан қабул қилганлар.

Аммо у, жинсини ўзгартирган тақдирда ҳам, Ўзбекистонга қайтиш нияти йўқлигини айтади.

Н.нинг ишонишича, агар жинси ўзгарса ва бундан танишлари хабардор бўлса, уларда яқинларига нисбатан салбий қараш пайдо бўлиши мумкин.

Н. икки йилдан буён бир қиз билан учрашиб юрганини айтади.

Ўғил бола бўлишни орзу қилган Н. билан Озодлик ўтказган суҳбатни тингланг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG