Линклар

Трамп Россияни Клинтоннинг йўқолган мактубларини топишга чақирди


Республикачилар партиясидан АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп.

Республикачилар партиясидан АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп.

Республикачилар партиясидан АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп Россияни демократлар номзоди Ҳиллари Клинтон Давлат котиби бўлиб ишлаган пайтда фойдаланган хусусий сервердан йўқолмиш 30 минг электрон хатни топишга чақирди. Клинтоннинг сайловолди штаби дарҳол Трампни АҚШга қарши жосуслик ҳамда Москванинг мамлакат ички ишларига аралашишини рағбатлантираётганликда айблаб чиқди.

27 июль куни Майямида журналистлар қаршисида сўзлаган Трамп: «Россия, агар мени эшитаётган бўлсанг, йўқолган 30 минг хатни топишни уддалайсан, деб умид қиламан», деди.

Кеча АҚШ президенти Барак Обама Россия ноябрда бўлиб ўтадиган сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида Демократлар партияси ички ёзишмалари сиздирилишига ҳақиқатан алоқадор бўлиши мумкинлигини билдирганди.

Москва бу ишга алоқадорлигини мутлақо рад этмоқда. Трамп АҚШдаги сайловолди курашига таъсир ўтказишга уринаётгани айтилаётган Россия ёки ҳар қанақа хорижий давлат ҳаракатларини қоралашдан бир неча бор бош тортган. У жумладан: «Агар Россия ёки Хитой ёхуд ҳар қанақа бошқа мамлакат бу хатларни қўлга киритса, очиғи, мен бу хатларни кўришни истардим», дея баёнот берганди. Демократлар Трампни Россия президенти Владимир Путин билан яқин алоқада эканликда айблаб келадилар.

XS
SM
MD
LG