Линклар

logo-print

Ўзбек йигит чечен қизга уйлангани учун Чеченистонга ўғирлаб кетилди


Бу иллюстратив сурат. Лавҳада ҳикоя қилинаётган воқеага алоқаси йўқ.

Бу иллюстратив сурат. Лавҳада ҳикоя қилинаётган воқеага алоқаси йўқ.

Жорий йил июни бошларида Москвадан қаллиғи билан бирга полиция ва фсбчилар томонидан ўғирлаб кетилган андижонлик Шоҳназар Казаков Чеченистон пойтахтида топилди. Грознийдаги Хориж ватандошларини сақлаш марказида қолаётган 29 яшар Шоҳназар чечен қизга унинг ота-онаси рухсатисиз уйлангани учун Россиядан депортация қилинишини кутмоқда. “Мемориал” адвокатлари буни Чеченистон учун “одатий ҳол” эканини таъкидламоқда.

Тонг саҳардаги “меҳмонлар”

Андижоннинг Хўжаободидан бўлган 29 яшар Шоҳназар Казаков шу йилнинг 1 июнида кучишлатар тизим ходимлари томонидан Москвадан Грознийга олиб кетилган.

Ҳодиса тафсилотларини Озодликка гапириб берган йигитнинг онаси Мухаббат опанинг иддаосича, ўғли аввал 40 кунча полиция бўлими қамоғида сақланган, кейинги 16 кунни эса Хориж ватандошларини вақтинчалик сақлаш маркази - "депортация лагери"да ўтказмоқда.

- 1 июнь куни саҳар соат 4 да эшик роса қаттиқ тақиллади. Аввал очмадик... Бундан беш кун олдин ўғлим бир чечен қизга уйланувди. Уйда мен, ўғлим ва иккита чечен хотин ҳам бор эди. Эшикни очсак, кириб келганлар паспортларимизни, телефонларимизни текширди. “А, бу ерда эркак одам ҳам бор экан!”, деб келин билан ўғлимни ҳам олиб кетишди. Ўғлим паспорти, трудовой книжкаси, дипломини олибди. Нимага олиб кетаётгани, ҳатто ўзининг кимлигини менга айтмаган... “Қаёққа олиб кетаяпсанлар?”, десам ўрислар мени устимдан кулишди. Мен отделга югуриб келдим, участковой “Нимага дарров менга телефон қилмадинг?”, деди. Ҳаммамиз қаттиқ ухлаётганимизда даранглатса, юрак тушар экан-да! – деди ўғлини олиб кетгани келганларнинг бирортаси ўзини таништирмаганини гапирган Муҳаббат опа.

Суҳбатдош хонага кирган 7-8 нафар эркакнинг бир нечаси рус полицияси ва қолганлари чеченлар бўлганини айтди.

Она полиция формасидаги шахс томонидан олиб кетилган ўғлини излаб, Москванинг “Южно-Чертановский” полиция бўлимига боради. У ерда Муҳаббат опа устидан кулган полиция ходимлари унинг саволларига жавоб бермаган.

- “Керакли одамлар олиб кетди”, деб аниғини айтишмади. Прокуратурага ариза ёздим. Қўрқиб кетганимдан мен ўзимни билмай қолдим, ёмон ҳис қилдим ўзимни. “Ўлиб қолади” деб яқинларим мени уйга Андижонга жўнатворишди. Укол-дори олиб, оёққа туриб, 23 июнь куни қайтиб келдим. Прокуратурада “Чеченистонга борасан!”, деди. Келгунимча боламни депорт қилишибди. Ўғлим ҳам, мен ҳам гражданствога топширган эдик. Мени патентим тугамаган, ўғлимники тугаган эди. Ўша муҳр босиладиган кунлари олиб кетиб қолди. Ўғлим айтадики, “Рўза пайти келиб қолди, чеченлар менда айб тополмасдан қўйиб юборди”. Кетаётган жойида нотаниш кишилар яна машинадан тушуриб олиб, “Документинг хато!”, деб яна Грознийга олиб бориб қўйибди. Ўша олиб кетган чеченлар ўғлимни 40 кун тутишган, деди Муҳаббат Казакова.

Онанинг ўғли сўзларига таяниб билдиришича, Шоҳназар чеченлар томонидан калтакланган, у билан “тушунтириш ишлари” олиб борилган.

Шоҳназарнинг уйланиши

Бир қиз ва уч ўғилнинг онаси бўлган Муҳаббат Казакова бир неча йилдан буён Москвадаги “Бахетле” савдо тармоғида ошпаз бўлиб ишлаб келган. Унинг тўнғич ўғли Шоҳназар шу савдо марказида сотувчи-маслаҳатчи бўлиб ишлаган. Опанинг шофёр бўлиб “Бахетле”да ишлаб келган яна бир ўғли арзимаган жаримани тўламагани сабабли бундан олдинроқ депортация қилингани маълум бўлди.

Муҳаббат опа уй солиш ва отасиз ўсаётган уч ўғлини бирин-кетин уйлантириш мақсадида 2008 йилда Россияга ишлашга келганини айтди. Қолганларига ўрнак, оила суянчиғини ўстириш мақсадида муҳожир аёл тўнғичига яхши таълим-тарбия бергани, энг яхши ўқув юртларида ўқитганини ҳам қўшимча қилди.

Ўзбекистонлик муҳожир аёл кўргиликларининг ҳаммаси ўғлининг ўғирланишидан олдинроқ - май ойида бошланганини сўзлади.

Маълум бўлишича, Шоҳназар ўзининг танишлари орқали 19 яшар грознийлик Алия Б. билан танишиб қолади. Аввалига йигит-қиз Интернетда ёзишади, бироз вақт ўтганидан кейин қиз Чеченистондан тўғри Москвага учиб келади. Шоҳназар ва Алия ўша куниёқ шаҳар масжидларидан бирига бориб, никоҳ ўқитган.

Муҳаббат Казакова Шоҳназарни чечен қиз билан таништирганларни ҳам топа олмаётганини гапириб берди:

- Жумабек деган дўстининг хотини чеченка эди. Ўша аёл “Мени қариндошим, яхши қиз”, деб таништирган. Мен хонадаги чечен хотинлардан “Сизларда 19га кирган қизни жўнатаверадими?” десам, “Йўқ! Ёлғиз жўнатмайди – ёнида одам бўлиши керак эди”, деди. Ўғлим қизни Внуковода кутиб олган ва улар Новокузнецкийдаги масжидга боришган никоҳ қилгани. Мен 5 кун бахтиёр қайнона бўлиб яшадим: ўғлим иккаловимиз 6 гача ишлаймиз, келсам уйлар йиғиштирилган, овқатлар қилинган, деди “бахтли ҳаёти” бундай мудҳиш тугашини тасаввурга ҳам келтирмаган аёл.

Ота-онасининг ижозатини олиш зарурлиги тўғрисида ўғлига айтган онага Алия “бир неча кундан кейин телефон орқали уланишимиз мумкин”, деган.

Кейинроқ, чеченистонлик 19 яшар Алия Б.нинг отаси иккинчи оиласи борлиги, у ёлғиз онаси билан яшашини аниқланган. Куни-кеча Шоҳназарнинг депортация лагеридан қилган қўнғироғига қизнинг онаси “уларни тинч қўйишни” ва “бошқа Алияга яқинлашмасликни” сўраган.

Грозний суди Шоҳназар Казаковни “миграция қоидаларини бузгани”, яъни Россиядаги қайдда туриш муҳлати ўтиб кетгани сабабли депортация қилиниши кераклиги тўғрисида қарор чиқариб берган.

Чеченистон ички ишлар вазирлигида Озодлик сўровига бошқармада ўзбекистонлик Шоҳназар Казаковнинг ҳибсга олингани тўғрисида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдиришди.

Чеченлар одати

Москвадаги “Гражданское содействие” ташкилоти ўзбек муҳожири Шоҳназар Казаковни ўз ҳимоясига олди.

Тасодифми-йўқми, ташкилот бу ишни асли чеченистонлик адвокат Роза Магомедовага топширди. Озодлик билан суҳбатда ҳимоячи бундай ҳолатлар Чеченистон учун “одатий” экани ва “ўзбекистонлик йигит осон қутулгани”ни айтади.

Роза Алияни олиб кетгани Грознийдан махсус ФСБ гуруҳи келганини ҳисобга олган ҳолда, қизнинг отаси Чеченистонда муайян нуфузга эга бўлган одам бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қилди.

- Шахсан мендан сўрашса, мен бу қизнинг қилиғидан ҳайратдаман! Грознийда яшаса, ота-онаси у Интернетда кимлар билан ёзишаётгани, Казаков кимлигини билишмаса. .. Боланинг онаси ҳам аллақаердан келган қизнинг ота-онаси кимлигини, қаердан эканини сўраши керак эди. Улар никоҳини қонунийлаштирган мулла-чи: у тиббий маълумотномасиз, ёши катта келин-куёвнинг вакиллари иштирокисиз никоҳлаган. Тўғри, бола нима қилаётганини тўлиғича англамаган бўлиши мумкин, лекин сизларда – ўзбекларда ҳам эски урфлар бор, ота-онанинг рухсати деган одатлар бордир. Қолаверса,нега Шоҳназар аллақандай ҳужжатларга қўл қўйиб, “ўз айбига иқрор” бўлиб ўтирибди? У учун мамлакатдан суд қарори билан чиқариб юборилиш энг маъқул иш бўлди, деди Роза Магомедова.

Адвокат унга тақдим этилган суд қарорида Шоҳназар Казаков Москвадан Грознийга ФСБ бошқармаси ходимлари ҳамроҳлигида келтирилгани аниқланганини айтди.

Ҳимоячи оммавий ахборот воситаларида бу ҳодисага гўё "шахсан Рамзан Қодиров ва унинг одамлари алоқаси борлигига "мутлақо ишонмаслиги ва ҳар бир чечен оиласи худди шундай йўл тутган бўлишини билдирди.

Роза Магомедова ўзбек муҳожири “ҳали ҳам ИШИДга алоқадорликда гумонланувчи сифатида ”жиноий жавобгарликка тортилмаганидан қувониши кераклиги”ни маълум қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG