Линклар

logo-print

Ўзбек мусиқасида етакчи ўрин тутиб келган соз - тор мамлакатдаги классик оркестрлар чолғулари рўйхатидан чиқарилди. Манбалар давлат тадбирларида тор чалинмаслиги лозимлиги тўғрисида тавсиялар берилганини айтмоқда.

Ўзбекистон телеканалларидан биридаги Озодлик манбасига кўра¸ телеканаллар ва видеоклип ишлаб чиқарувчи продюссерлик марказларига тор тасвири кўзга ташланмаслиги ҳақида кўрсатма берилган.

Озодликка маълум бўлишича, Ўзбекистонда тор чалиш бўйича махсус таълим тўхтатилган ва тор ўзбек миллий чолғу асбоблари реестридан чиқарилган.

Айни пайтда, Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги Озодлик манбасининг таъкидича, тор бутунлай тақиқланмаган:

-Тор тақиқлангани йўқ. Тор ўзбек миллий чолғу асбоблари рўйхатида йўқ, холос. Торни бемалол ҳаваскор чолғучилар чалавериши мумкин. Тор ўзбек миллий чолғуси эмас¸ балки Озарбайжон миллий чолғу асбоби эканлигини таъкидлашимиз зарур. Яна бир нарса: 2012 йилда тор Озарбайжон чолғу асбоби сифатида ЮНЕСКОнинг маданий мерос рўйхатига киритилган. Буни биз ҳурмат қилишимиз керак¸ дейди манба.

Манбанинг яна айтишича: “Ўзбекистон давлат консерваториясида тор чалиш дарс сифатида ўқитилмайди ва чолғу асбоблар лабoрaторияси реестрида тор мавжуд эмас”

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра¸ 2012 йилдан олдин ўзбек чолғу асбоблари давлат рўйхатида тор мавжуд бўлган.

Шерали Жўраев кўпинча тор билан қўшиқ куйлайди

Шерали Жўраев кўпинча тор билан қўшиқ куйлайди

Ўзбекистон куч ишлатар тизимларидан бирининг оркестрида ишлайдиган чолғучининг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича¸ “икки қоринли торни Ўзбекистонда исталмаган чолғуга айлантириш учун жиддий уриниш кетмоқда”.

- Раҳбарлар келиб бизга икки каллали рубоб бизнинг миллий чолғу асбобимиз эмаслигини тушунтиришди. Раҳбарнинг ëнида машҳур бир созанда ҳам “тор керак эмаслигини” уқтирди. Бизга тушунтиришларича икки каллали рубоб ЮНЕСКОда Озарбайжоники, деб тан олинибди. Бу ëқда Эрон эса аслида бизники, деб даъво қилибди. Биз бу жанжалдан узоқ туришимиз кераклигини тушунтиришди¸ дея таъкидлаган суҳбатдош ўзи ишлаган оркестрда тор тақиқланганини билдирди.

Номинг ўчсин¸ турқинг қурсин

Ўзбекистон телеканалларидан биридаги Озодлик манбасининг айтишича “Торнинг экранда кўринмаслиги учун оғзаки буйруқ бор”

- ШОС (Шанхай ҳамкорлик ташкилоти) якуни бўйича концертда ака-ука Эшчоновлар Хоразм лазгисини айтди. Одатда Эшчоновлар лазгини тор чалиб айтади. Концерт ташкилотчилари торга изн бермади. Доира бор¸ ғижжак бор лекин тор йўқ. Энг кейинги концертларга диққат қилсангиз,бирорта тор ушлаган созандани кўрмайсиз. Мана сиз билан гаплашиб ўтириб телевизорга қарадим. Халқ ҳофизи Фарҳод Давлетов қўшиқ айтиб турибди, аммо қўлида тор йўқ¸ дейди суҳбатдош.

Бола бахши Абдуллаев

Бола бахши Абдуллаев

Википедияга кўра¸ тор Марказий Осиë¸ Озарбайжон ва Яқин Шарқ мамлакатларида тарқалган чолғу асбобидир.

Мусиқашуносларнинг айтишича¸ торни Озарбайжондан ўтган аср бошида хоразмлик Бола баҳши Абдуллаев олиб келган.

Торни бутун республика бўйлаб машхур бўлишида аввалига Комилжон Отаниëзов, кейинроқ Таваккал Қодиров ва Фаҳриддин Умаровлар ҳиссаси катта экани айтилади.

Таниқли қўшиқчи ва тарих фанлари диктори Ҳожиакбар Ҳамидов Озодлик билан суҳбатда торнинг ўзбек мусиқасидаги муҳим ўрни борлигини таъкидлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG