Линклар

Москвада тўрт яшар қизчани ўлдирганликда айбланаётган ўзбекистонлик энаганинг ҳибс муддати узайтирилди


Гулчеҳра Бобоқулова.

Гулчеҳра Бобоқулова.

Москва суди тўрт яшар қизалоқни ўлдирганликда айбланаётган энага Гулчеҳра Бобоқулованинг ҳибс муддатини 29 августгача чўзиш ҳақида қарор қабул қилди.

Психиатрик экспертиза Бобоқуловани “руҳан носоғлом” дея хулоса берган. ТАСС агентлигининг хабар қилишича, 28 июль куни Москванинг Пресненск туман судида бўлиб ўтган маҳкамада Гулчеҳра Бобоқулова йиғлаб, уни даволаниш учун ватанига – Самарқандга юборишларини сўраган.

Эҳтиёт чораси бўйича аввал ўтказилган судлардан бирида Бобоқулова Ўзбекистонда шизофрениядан даволангани ва Самарқанддаги психоневрологик диспансер қайдида туришини айтган.

Ўзбекистонлик Гулчеҳра Бобоқулова шу йил 29 февралида Москванинг “Октябрьское поле” метро бекати олдида қўлида танасидан жудо қилинган ёш бола бошини кўтарган ҳолда ҳибсга олинган эди. Кейинчалик ўлдирилган 4 ёшли қизчага Бобоқулованинг ўзи энагалик қилгани аниқланган. Аёлга вояга етмаган болани ўлдирганлик айблови эълон қилинган.

Бобоқулова айбни бўйнига олган ва ўз хатти-ҳаракати билан Сурияни бомбабўрон қилдираётган Россия президенти Владимир Путиндан ўч олмоқчи бўлганини билдирган.

XS
SM
MD
LG