Линклар

ХОҚ ва WADA Россия спортчилари масаласида келиша олмаяпти


Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах.

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах.

Халқаро олимпия қўмитаси президенти ва Халқаро аксилдопинг агентлиги (WADA) россиялик спортчиларни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларидан четлатилиши масаласида келиша олмаяпти. Қўмита россиялик юз нафардан кўпроқ спортчининг олимпиададаги иштирокини тақиқлади, аммо WADA россиялик спортчиларни ўйинлардан бутунлай четлатишга чақирмоқда.

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах WADAни Россия спортчилари томонидан допинг қўлланилиши кўлами ҳақидаги ҳисоботни ўта кеч эълон қилганликда айблади. Президент бунинг оқибатида қўмитада чора кўриш учун етарлича вақт бўлмаганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қўмита ҳар бир спорт федерациясини Россия спортчиларининг Олимпиададаги иштироки тўғрисида мустақил қарор чиқаришга чорлаган эди. Олимпия қўмитаси федерациялар ҳисоботларини ҳозирда кўриб чиқмоқда. Ўйинлар бошланишига эса саноқли кун қолди.

Рио-де-Жанейрода 1 август куни бўлиб ўтган Олимпиада йиғинида чиқиш қилган Бах “Бу қарор адолат билан боғлиқдир. Адолат сиёсатдан алоҳида бўлиши керак”, деди.

“Биз керакли қарорларни чиқаришга мажбур бўлдик. Иддаолар жиддий бўлгани сабаб, россиялик атлетлар айбсиз, дея тахмин қила олмаймиз. Иккинчидан, спортчига ўзининг бегуноҳлигини исботлаш учун имкон бермасак ҳам бўлмайди. Одамларни – уларнинг айби бўлмаса – ҳукуматлари хатоси учун айблаб бўлмайди. Ҳозир шу принципларга амал қилаяпмиз”,- деди Бах.

WADA президенти Крейг Риди барча россиялик спортчиларни Олимпиададан четлатишга чақириб келади. Риди аксилдопинг агентлиги мустақил комиссия ҳужжатлаштирган допинг қўллаш ҳолатлари тўғрисидаги ҳисоботни Халқаро олимпия қўмитасига тақдим этишга мажбур бўлганини айтди. Россиядаги допинг кўлами ҳақида илк бор йил бошида матбуот нашрларида хабар қилинган эди.

“Бу ўйинлар олдидан беқарорликка олиб келса ҳам, [ҳисобот] фош қилган ҳолларнинг жиддийлиги туфайли уни чоп этиш ва тезкорлик билан чора кўришимиз шарт эди”, - деди Риди.

Риди допингни аниқлаш бўйича Москва ва Сочи лабораторияларининг директори Григорий Родченков иддаолари 8 май куни CBS телеканалининг 60 Minutes кўрсатувида, 12 май куни эса The New York Times газетасида ёритилганидан кейин Россия ҳукуматининг аралашувини кўрсатувчи аниқ далиллар WADA қўлига тушганини қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG