Линклар

Толибон Ўзбекистон ва Тожикистон чегараси яқинида фаоллашгани айтилмоқда


Қалаъи Зол

Қалаъи Зол

Таркибида хорижликлар, жумладан ўзбекистонликлар бўлган Толибон жангарилари ўтган ҳафта шимолий Қундуз вилоятининг Ўзбекистон ва Тожикистон чегараси яқинидаги Қалъаи Зол туманидаги бир нечта қишлоқни эгаллагани иддао қилинмоқда. Озодлик суҳбатлашган Афғонистон ҳукумати расмийларига кўра, ҳозирга келиб Кундуз вилоятининг бир нечта туманлари тўлалигича Толибон назоратига ўтган. Бироқ Озодлик радиосининг ушбу минтақадаги мухбири маҳаллий мулозимлар келдирган бу даволарни тасдиқлай олмаслигини айтмоқда. "Бу минтақада толибларнинг фаоллиги рост. Маҳаллий мулозимлар эса вазиятни бир қадар бўртириб кўрсатишлари мумкин. Бироқ амалда нечта қишлоқнинг толиблар томонидан эгалланганини санаш имконсиздир, дейди Озодлик мухбири.

Маҳаллий расмийлар иддаосига кўра, аҳолиси 60 мингдан зиёд бўлган Қалъаи Зол туманининг минглаб аҳолиси ўз уй жойларини ташлаб, вилоят маркази Кундуз шаҳри ва бошқа минтақаларга кўчишга мажбур бўлган.

Толибон жангариларига қаршилик кўрсатаётган қўмондонларнинг огоҳлантиришича, агар Афғонистон марказий ҳукумати ва АҚШ етакчилигидаги иттифоқчи кучлар йирик ҳарбий амалиётни йўлга қўймаса, жангарилар Амударё орқали Тожикистон ва Ўзбекистонга чегарадош ҳудудларга сизиб ўтишлари мумкин.

Қалъаи Зол туманидаги арбакийлар (Озодлик изоҳи: ҳукумат сафларида жанг қилаётган кўнгилли ярим ҳарбийлар) қўмондони Муҳаммад Наби Гучлининг айтишича, толиблар тумандаги 45та қишлоқни тўлалигича босиб олганлар.

Унга кўра, толиблар орасида ўзбекистонликлар дохил ўнлаб хорижий жангарилар бор.

Чеченистонликлар, ўзбекистонликлар, тожикистонликлар ва панжобликлар бор. Аммо, улар Амударёни контроль қилаётгани йўқ. Сарҳадда чегара қўшинлари қўмондони ва ўзим борман (Озодлик изоҳи: Афғонистон чегара қўшинлари ва арбакийлар), деди Муҳаммад Наби Гучли.

Унинг айтишича, Ўзбекистон билан чегарадош Калдор тумани яқинидаги бешта қишлоқ – Халқакўл, Қулутепа, Бағрикўл, Қиштепа ва Бағача ҳукумат назорати остида қолаётир, холос.

Муҳаммад Наби Гучли агар ушбу қишлоқлар ҳам таслим бўлса, жангариларда Балх вилояти маркази Мазори Шариф ва Ўзбекистон сарҳадларига тўғридан-тўғри чиқиш имкони пайдо бўлади.

Кундуз вилоятидан Афғонистон сенати котиби Мавлавий Абдуллоҳ Қарлуқнинг Озодликка айтишича, Толибон жангарилари вилоятнинг аксар туманлари устидан тўлиқ ёки қисман назорат ўрнатган.

Нафақат Қалъаи Зол, балки Дашти Арши туманидаги катта ҳудудлар, афсуски, мухолифлар тасарруфига ўтган. Ҳукумат қарши амалиётни ўтказишга муваффақ бўла олгани йўқ. Шунингдек Кундуз вилоятида янги ташкил этилган учта туман - Калбот, Оқтош ва Гултепа ҳам Толибларнинг қўлида. Қийинчилик шундаки, хавфсизлик кучлари ўртасида ҳамоҳанглик йўқ,” деди Мавлавий Абдуллоҳ Қарлуқ.

Қундуз Афғонистон шимолидаги энг нотинч вилоятлардан ҳисобланади.

Ўтган йил кузида вилоят маркази – Қундуз шаҳри қисқа муддат Толибон ишғоли остида қолганди.

Шу йил апрель ойида ҳам ҳукумат қўшинлари АҚШ кучлари кўмагида Толибон жангариларининг Кундузга ҳужумини баратаф этди.

Июль ойи бошида АҚШ президенти Барак Обама Афғонистонда 8400 нафар АҚШ қўшинлари қолишини эълон қилди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов АҚШ бошчилигидаги иттифоқчи кучларнинг чиқарилиши Афғонистонда турли гуруҳлар ўртасида қарама-қаршиликнинг авж олиши ва ички низоларнинг кучайишига олиб келиши мумкин, дея бир неча бор огоҳлантирган.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши президент Каримов раислигида мамлакат жанубий чегаралардаги вазиятни муҳокама қилганди.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзА ахборот агентлигига кўра, Хавфсизлик кенгаши мажлисида “мамлакатнинг жанубий сарҳадларида хавфсизликни таъминлаш, таҳдид ва хавф-хатарларни бартараф этиш, терроризм ва экстремизмга қарши курашишда минтақадаги қўшни давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилган”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG