Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:57

Қочмоқчи бўлган муҳожир Қозон полицияси биносининг 3- қаватидан қулаб тушди


Татаристонда ўзбек муҳожирлари кўпчиликни ташкил этади
Татаристонда ўзбек муҳожирлари кўпчиликни ташкил этади

Меҳнат муҳожири Татаристон пойтахтининг Ғалиасқар Камол кўчасидаги полиция биносининг 3- қаватидан қулаб тушди. Воқеа видеотасвири ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Қозон полицияси шаҳарда нолегал хорижликларни “овлашни” давом эттирмоқда.

“ВКонтакте” ижтимоий тармоғида пайдо бўлган видеокадрларда бинонинг учинчи қаватидан қулаётган одам тасвирланган. Деворнинг туртиб чиққан жойларидан ушлаб тушаётган қочоқ бирдан қулайди. Асфальтга қулаб тушган ялангоёқ йигит аввалига туришга уриниб кўради, лекин воқеа жойига югуриб борган гувоҳлар унга қимирламасликни тавсия қилади.

Жароҳатлари оғирлигини тушунган мигрант асфальтга ётиб олади.

Қозон шаҳридаги 7- шифохонага олиб кетилган муҳожирнинг қўли сингани, бош мияси чайқалгани аниқланди. Полиция на исми, на ватандошлиги очиқланган мигрантнинг депортация қилинишини маълум қилди.

Деразадан қулаган меҳнат муҳожирини полиция Кул Гали кўчасидаги қурилиш объектларидан бирида қўлга олгани маълум бўлди.

Июль бошидан буён Татаристон пойтахти полицияси ноқонуний меҳнат қилаётган муҳожирларни аниқлаш бўйича махсус рейдлар ўтказмоқда. Маҳаллий полиция бошқармаси хабарига кўра, Қозонда ўтган ойнинг иккинчи ярмида 39 нафар мигрант қўлга туширилган, улардан 4 нафари суд қарори билан Россиядан депортация қилинган.

- Россия Федерациясида яшаш қоидаларини бузган 27 мигрантнинг маъмурий жаримага тортилиши тўғрисида суд қарори чиқарилди, дейилади Татаристон Ички ишлар вазирлиги хабарномасида.

Татаристондан депортация қилинаётган муҳожирларнинг аксар қисмини Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ташкил этмоқда.

Тарқатиб юборилган Федерал миграция хизмати ваколатлари зиммасига юклатилган полиция Қозондаги автотехмарказлар, савдо мажмуалари, кафе, ошхона ва ресторанларни кўздан кечирмоқда.

Текширувларга полициядан ташқари, ФСБ ходимлари жалб қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG