Линклар

Бомбалардан қочган Жабҳат ан-Нусра Ал-Қойдадан ажралганини эълон қилди


Суриядаги "Жабҳат ан-Нусра" гуруҳи "Ал-Қойда" террор тармоғидан ажралгани, номидан воз кечиб, янги "Жабҳат Фатҳ ал-Шом" номи остида ҳаракатланишини билдирди. "Ал-Қойда" қанотлари остида туғилган гуруҳ энди Сурияда президент Асад режимига қарши курашаётган мухолиф кучларни бирлаштиришини даъво қилмоқда. Террорчи гуруҳ айни ҳаракати билан аслида Россия ҳамда АҚШ бомбаларидан қочишни кўзлаётгани айтилмоқда.

"Бу аслида пиар-кампания"

"Ал-Қойда" террор тармоғига алоқадор гуруҳлар ва "Исломий давлат" жангари гуруҳи Ғарб давлатлари ва Россия ўртасида бораётган Сурияда тинчлик ўрнатиш музокараларига киритилмаётир.

Айни пайтда, Россия ва АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари ҳар икки террор гуруҳига алоқадор манзилларни ҳаводан бомбаламоқда.

28 июль куни Al-Jazeera телеканали орқали чиқиш қилган "Жабҳат ан- Нусра" етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жоланий номи ўзгартирилган янги гуруҳнинг "ҳеч бир хорижий ташкилотлар билан алоқаси йўқ"лигини даъво қилди. Аммо, асосий мақсади ҳануз Ислом қоидаларига таянган халифаликни қуриш эканини таъкидлади. "Ал-Қойда" лидерлари ҳам бу ҳаракат "Ислом манфаатини кўзлаб" амалга оширилаётганини таъкидламоқда.

Бироқ, Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШ расмийлари бу баёнотда қилинган иддаоларга шубҳа билан қарамоқдалар. АҚШ Миллий разведка агентлиги раҳбари Жэймс Клеппер бу ҳаракатни "пиар кампания" деб баҳолади.

"Улар аслида ҳам "Ал-Қойда"дан ажралиб чиқдими ёки йўқми - ҳали бунга амин бўлишимиз керак", деди Клеппер.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Жон Кирби ҳам: "Ҳозир уларнинг ҳаракати ёки мақсадлари ўзгарганига ишонч ҳосил қилиш учун бирор сабаб кўрмаяпмиз. Улар ҳануз хорижий террор ташкилоти ҳисобланади", дея муносабат билдирди.

"Нусра ўлди ва янада хавфлироқ бўлди"

Айрим ғарблик таҳлилчилар ҳам "Жабҳат ан-Нусра" гуруҳининг бу ҳаракатини ҳийла сифатида баҳоламоқдалар.

Жумладан, Foreign Policу нашри "Бу - АҚШга қўйилган бир тузоқ", деган хулосага келган Яқин Шарқ ва Суриядаги вазият бўйича тадқиқотчи Чарльз Листернинг мақоласини чоп этди.

Тадқиқотчи фикрича, жиҳодчи гуруҳнинг бу ҳаракати ва етакчиси Жоланийнинг ошкора тақдим этилиши ҳам "Ал-Қойда"нинг раҳбарлари билан келишилган ҳолда амалга оширилган.

"Ҳеч ким бу манёврга чалғимаслиги керак: "Жабҳат ан-Нусра", яна бир номи "Нусра фронти" бўлган бу гуруҳ потенциал хавфлигича, аввалгидай радикаллигича қолмоқда", деб ҳисоблайди Чарльз Листер.

Бундан ташқари, Интернет тармоғида тарқатилган видеобаёнотда Жоланийнинг "Ал-Қойда"нинг икки йирик етакчиси билан кўрингани бунга далил сифатида қабул қилинмоқда.

Аммо, асосий хавотир ўзини "Жабҳат Фатҳ ал-Шом" деб атай бошлаган террорчи гуруҳнинг Сурия ҳудудидаги мўътадил, мухолиф гуруҳларга кўз тикаётганидир.

"Сурия мухолифати хатар остида"

Дарвоқе, бу баёнот АҚШ ва Россия томони "Жабҳат ан-Нусра" масканларига қарши биргаликда амалиётлар ўтказишга келишган бир пайтга тўғри келмоқда.

Ҳозир Ғарб давлатлари кўмагига таянаётган мухолиф ва мўътадил гуруҳлардан "Жабҳат ан-Нусра" назоратида бўлган ҳудудлардан чекиниш, бу радикал гуруҳдан масофаланиш сўралмоқда. Аммо, мухолиф гуруҳлар катта йўқотишлар эвазига Асад армиясидан ёхуд "Исломий давлат"дан олинаётган ҳудудларни тарк этишни истамаётир.

Шу боис ҳозир, айниқса, Ҳалаб ва Идлиб вилоятларида ушбу гуруҳга ҳаводан қилинган ҳар қандай ҳужум мухолиф гуруҳларга ҳам қақшатқич зарба бериши мумкин.

Бундан ташқари, ҳам Асад армиясига қарши курашаётган, ҳам "Исломий давлат"нинг минтақадаги асосий рақиби бўлган "Жабҳат ан-Нусра"нинг маҳаллий аҳоли ва кўнгилли мухолиф гуруҳлар орасида нуфузи ҳануз юқори.

Шу боис, таҳлилчилар 6 йилдан бери давом этаётган фуқаролик урушидан тинкаси қуриган маҳаллий мухолиф гуруҳлар Жоланийнинг бирлашиш ҳақидаги чақириғини қабул қилиши ва натижада, бунинг ортида турган террорчи "Ал-Қойда", ундан ипларини узмаган радикал "Жабҳат ан-Нусра" гуруҳининг позицияси мустаҳкамланишидан хавотир билдирмоқда.

Ўзбек жангарилари жим

Ҳозиргача Сурия ва Ироқ ҳудудида ҳаракатланаётган ўзбек жангариларининг 2 та гуруҳи маълум.

Булардан бири сўнгги пайтларда сустлашиб қолган “Имом Бухорий” катибасидир. Таркибидаги жангарилар сони номаълум, аммо уларнинг аксарияти ўзбекистонлик экани ҳақида тахминлар бор.

Яна бир ўзбеклар гуруҳи эса кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда нисбатан фаоллашаётгани кузатилган “Тавҳид ва Жиҳод” гуруҳидир. Гуруҳ аъзоларининг аксар қисми қирғизистонлик ўзбеклар экани тахмин қилинади. Ўз вақтида гуруҳ етакчиси – асли ўшлик Абу Салоҳ “Жабҳат ан-Нусра” ҳамда бу гуруҳнинг онаси бўлган – “Ал-Қойда”га байъат берганини эълон қилган.

Ҳалқаро таҳлил марказлари ва Сурия, Ироқдан олинаётган хабарларга кўра, ҳар икки радикал гуруҳ мунтазам равишда “Жабҳат ан-Нусра” сафида туриб жанг қилади. Улар Абу Муҳаммад ал-Жоланийнинг сўнгги баёноти борасида ҳозирча бирор муносабат билдиргани йўқ.

Бу жангари гуруҳлари Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ва Қирғизистонда радикал, террорчи гуруҳ сифатида кўрилади ва кейинги 2 йил ичида уларга аъзоликда айбланган шахслар устидан қатор маҳкамалар ҳар икки давлатда ҳам кузатилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG