Линклар

Самарқанд Архитектура-қурилиш институти ўқитувчиси пора билан қўлга тушди


29 июль куни Миллий хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилоят бошқармаси тезкор вакиллари томонидан ўтказилган операция чоғида Самарқанд Архитектура-қурилиш институти 32 яшар ўқитувчиси порахўрлик айби билан ҳибсга олинди.

Бу ҳақда “Озодлик”ка маълум қилган институт ходимига кўра, ўқитувчи (Озодликка унинг исми маълум, лекин айбсизлик презумпциясига кўра, исм-фамилия ошкор қилинмайди) олийгоҳнинг "Қишлоқ ҳудудларини архитектура - лойихавий ташкил этиш" бўлимига кириш учун ҳужжат топширган абитуриентлардан бирининг ота-онасидан 4500 АҚШ доллари миқдорида пора олаётганида қўлга тушган.

Самарқанд вилоят прокуратурасига яқин Озодлик манбасининг айтишича¸ ўқитувчи пора талаб қилган киши МХХ га ариза ëзганидан кейин амалиëт бошланган:

- Ўқитувчи Иштиҳон туманидан. Жорий йилнинг 13 июлигача Самарқанд Архитектура-қурилиш институтида илмий котиб бўлиб ишлаган. 13 июль куни 99- модда бўйича ўз ҳоҳиши билан илмий котиблик лавозимидан бўшатилган, аммо институтда ярим ставка ўқитувчи қилиб қолдирилган. Лавозимидан бўшаган бўлишига қарамасдан бир абитуриентнинг ота-онасига мен илмий котибман, деб айтиб ишончига кирган ҳолда пора сўраган. 29 июль куни махсус ишлов берилган купюрани олаëтган пайтда қўлга олинди¸ дейди манба.

Унинг яна айтишича ҳодиса юзасидан Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчини ҳибсда сақлаш бўйича суднинг санкцияси олинган.

Озодлик тасарруфидаги видео тасвирларда Самарқанд Архитектура-қурилиш институтига кириш имтиҳонларидаги ҳийлагарликлар акс этган.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасига кўра¸ жорий йилдаги қабул мавсуми пайтида Самарқанд вилоятидаги олийгоҳлари республика МХХ махсус гуруҳининг жиддий назоратига тушган.

Шу йилнинг 27 июль куни Самарқанд Давлат Тиббиёт институтининг Ахборот технологиялари бўлими бошлиғи порахўрлик айби билан ҳибсга олинган эди.

XS
SM
MD
LG