Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:06

Вашингтон Марказий Осиёда янги йўл изламоқда


3 августда Вашингтонда АҚШ Давлат котиби Жон Керри Марказий Осиёдаги беш давлат - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари билан учрашади. "С5+1" номини олган ушбу учрашув гуруҳнинг ўтган йил Самарқандда бўлиб ўтган илк йиғини ортидан ўтказилмоқда.

Афғонистондаги иштироки озайиши баробарида Қўшма Штатлар Ўрта Осиё билан охирги 15 йилда бўлган алоқаларини қайта қуришга уринмоқда.

Марказий Осиё хавфсизлиги Вашингтон ташқи сиёсатининг энг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади.

Вашингтон Марказий Осиё билан янги савдо йўлларини очишга умид қилмоқда.

Бу иш, агар Марказий Осиёнинг қўшниси - Хитой охирги ўн йил давомида минтақа иқтисодиётида етакчи роль ўйнаётгани инобатга олинса, осон вазифа эмас.

Қўшма Штатлар Марказий Осиё ҳукуматларидан инсон ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатиш, демократик институтларни яратиш ва ривожлантириш бўйича ишончли ва амалий қадамларни ташлашни талаб қилиши кутилмоқда.

Вашингтон Марказий Осиё ҳукуматларини демократик ислоҳотларга 1990- йиллар бошидан фаол чақириб келади, аммо 2001 йил 11 сентябрь ҳужумларидан кейин унинг асосий диққат эътибори қўшни Афғонистонда терроризмга қарши курашга қаратилди.

Баъзи танқидчиларнинг айтишича, АҚШ сиёсатидаги бу ўзгариш минтақа ҳукуматлари ва кўплаб одамлари орасида салбий қарши олинди ва минтақанинг Қўшма Штатлар ҳақидаги кўзқарашларини ўзгартириб юборди.

Керри беш ташқи ишлар вазирини минтақавий интеграция ва ҳамкорликка ташвиқ этиши кутилаётган эса-да, Марказий Осиёда мутлақо бошқа воқелик ҳукмрон.

Беш мамлакат 1991 йил охирида Совет Иттифоқи парчаланиб, мустақилликка эришганидан буён бир-биридан тобора узоқлашиб бормоқда.

Бу Вашингтон ўз муносабатларида ҳар бир мамлакат билан алоҳида-алоҳида алоқа ўрнатиш йўлини танлаши мумкинлигини англатади.

Ғарб ҳукуматлари, жумладан Қўшма Штатлар Марказий Осиёда демократиянинг илдиз отишида ҳалиям Қирғизистонга умид қилмоқда.

Қирғизистонда келгуси йил президент сайлови бўлиб ўтади ва жорий президент Алмазбек Атамбаев конституцияга содиқ қолиб, истеъфо беришини такрор ва такрор айтган.

Вашингтон барча Марказий Осиё давлатларидан ҳокимиятнинг тинч йўллар билан алмашинуви ва президентлик муддатига қатъий риоя қилинишини истайди.

Шундай экан, АҚШ расмийларининг Қирғизистон ташқи ишлар вазири Ерлан Абдилдаев билан узоқ мулоқот ўтказиш эҳтимоли юқоридир.

Кун тартибига 2010 йил июнида Қирғизистон жанубида юз берган этник жанжаллар тўлқинида бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган ўзбек ҳуқуқбони ва журналисти фаоли Азимжон Асқаров иши ҳам киритилиши мумкин.

Қўшма Штатлар унинг қамалишини танқид қилган ва АҚШ Давлат департаменти 2015 йил июлида Асқаровга Инсон Ҳуқуқлари соҳасидаги ўз мукофотини берганди. Бу эътироф икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни дарҳол совуқлаштириб юборди ва Бишкек Қўшма Штатлар билан 1993 йилда имзоланган ҳамкорлик битимини бекор қилди.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов билан бўлажак учрашувда эътибор иқтисодий алоқаларга қаратилиши мумкин. Қўшма Штатларнинг Марказий Осиёдаги энг йирик инвестицияси - Chevron компаниясининг Қозоғистондаги йирик Тенгиз нефть ҳавзасини ўзлаштиришга қўшилганидир. Қозоғистон ғарбидаги TengizChevroil лойиҳаси АҚШ билан Қозоғистон ўртасидаги 20 йиллик ҳамкорлик асосини ташкил этади.

Бироқ, охирги йилларда Қозоғистондаги демократик ислоҳот орқага кетди.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев бир умрга президент бўлиб қолиш учун конституцияни ўзгартирди. Шу йил бошида муддатидан олдин бўлиб ўтган парламент сайловларига бирорта ҳам ҳаққоний мухолифат партияси киритилмади ва президентга содиқ парламент қайта қурилди.

Июль ойи бошида 76 ёшга тўлган Назарбоевнинг аниқ бир вориси йўқ. Шунингдек, Қозоғистонда оммага ўзи истаган президентни сайлашга имкон берадиган аниқ бир тизим йўқ.

Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари билан бўлажак алоҳида-алоҳида учрашувларда ҳам айни мавзуга эътибор қаратилиши мумкин.

Уччала давлатда ҳам кучли президентлик ва репрессив сиёсий тузумлар шаклланган.

Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари билан бўлажак учрашувларда хавфсизлик энг асосий муҳокама мавзуси бўлиши мумкин.

Бу мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари Қўшма Штатлардан Афғонистондан бутунлай чиқиб кетмаслик кафолатини олишни истаётганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Вашингтон анча пайтдан буён уччала мамлакат билан Афғонистондаги вазият бўйича маслаҳат учрашувлари ўтказиб, уларга ҳарбий ёрдам бериб келади. Хусусан, Ўзбекистон 2005 йил бошида Афғонистон билан сарҳадларини қўриш учун 300дан зиёд мина ва пистирмаларга бардош бера оладиган автомобиллар олганди.

Вашингтон расмийлари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан афтидан АҚШ-Ўзбекистон қўшма автомобиль корхонаси - GM Uzbekistan келажагини муҳокама қилишлари мумкин.

Қўшма корхона Ўзбекистондаги GM автозаводида миллионлаб доллар маблағ ўмарилгани ортидан жанжал марказида қолди. Завод раҳбарлари ҳозир қамоқда ва судга рўбарў бўлмоқдаки, бу ҳодиса АҚШ ширкатларининг Ўзбекистонга сармоя киритиш иштиёқини сусайтириб юборади.

Бундан ташқари АҚШ расмийлари томонидан музлатиб қўйилган Ўзбекистоннинг 800 миллион долларлик мулки тақдири ҳам очиқ қолаётир. Тошкент бу пулларни қайтариб олишга уринмоқда.

Музлатилган миллионлар президент Ислом Каримовнинг тўнғиқ қизи Гулнора Каримовага алоқадор.

Қатор Европа мамлакатларида пулни ювиш билан боғлиқ жанжаллари жамоатчиликка ошкор бўлиши ортидан Каримова Ўзбекистонда уй қамоғига олинган.

Россия Марказий Осиёдаги хавфсизлик кафили, Хитой эса етакчи иқтисодий қудрат экан, Қўшма Штатлар хавфсизлик ва савдони ўз ичига олган ролни эгаллашга ва номи зикр этилган икки мамлакат бера олмайдиган ҳал қилувчи бир нарсани беришга уринмоқда.

Брюс Панниер

XS
SM
MD
LG