Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 05:16

Хоразмлик меҳнат муҳожири Волга бўйида тупроқ остида қолиб ўлди 


Россиянинг Волгоград вилоятида хоразмлик 39 ёшли меҳнат муҳожири газ қувури учун қазилган зовурга тушиб, тупроқ босиб қолиши ортидан иш берувчи жиноий жавобгарликка тортилди.

Волгоград вилояти Тергов қўмитаси расмийсининг Озодликка маълум қилишича, марҳумнинг жасади ватанига юборилган ва иш берувчи ширкат раҳбари ҳибсга олинган.

Ҳодиса Волгоград вилояти Дубовск туманининг Оленье қишлоғи яқинида ўтган жума куни юз бергани хабар қилинди.

Гувоҳларга кўра, қувур ётқизиш ишларига ёлланган ўзбекистонлик муҳожир, экскаватор ёрдамида траншея қазилганидан сўнг, чуқурлик юзини текислаш учун зовурга туширилган ва бир неча дақиқадан сўнг зовур ўпирилиб, муҳожир тупроқ остида қолган.

Ҳодиса жойида бўлганлар ўпирилган тупроқ остидан муҳожирни чиқариб шифохонага юборишади, бироқ бир неча соатдан сўнг Ўзбекистон ватандоши Дубовск тумани касалхонасида жон таслим қилади.

Волгоград вилояти Дубовск тумани Тергов қўмитасининг раҳбари Владимир Суровнинг Озодлик радиосига билдиришича, Ўзбекистон ватандошини ишга ёллаган шахсга нисбатан Россия Жиноят коддексининг 216- моддаси, 2- қисми “қурилиш, кон-қурилиш ишларида хавфсизлик қоидаларини бузиш” бўйича жиноий иш қўзғатилган.

"Ҳақиқатан ҳам жиноий иш очилган. Ўзбекистон ватандоши 1977 йил туғилган, Хоразм вилоятидан. Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда. Шу боис унинг исм-фамилиясини очиқлашга ҳаққимиз йўқ", деди Владимир Суров.

Терговчи сўзларига кўра, ўзбекистонлик муҳожирда ишлаш рухсатномаси бўлмаган.

Агар иш берувчининг айби маҳкамада тасдиқланса, Россия қонунчилиги бўйича, ширкат раҳбари 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Москвадаги Миграция бўйича Халқаро ташқилот (МОМ) консультанти Турсуной Алимардонованинг айтишича, Россияда меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ энг кўп бахтсиз ҳодисалар қурилиш ва транспорт соҳаларида учрайди.

"Энг аввало, Россияда иш берувчилар ёлланган ишчиларни хавфсизликни таъминламасдан туриб, ишлатишлари катта муаммо ҳисобланади. Ҳозирги пайтда Россияда муҳожирлар учун иш кам, пул топиш қийинлашган. Хусусан, ноқонуний муҳожирларга жуда қийин. Шунинг учун улар ўзларини барча ишларга уришади. Кўп ҳолларда хавфсизлик, эҳтиёт чораларига унчалик аҳамият ҳам беришмайди. Натижада бундай бахтсиз ҳодисалар сони кўпаймоқда. Улар ҳар доим полиция ушлаб кетишидан қурқиб яшашади," деди Турсуной Алимардонова.

Россияда меҳнат муҳожирларининг қурилиш ишларида бахтсиз ҳодисаларга дучор бўлиш ҳоллари тез-тез юз бериб туради.

Бир ой муқаддам 50 яшар Ўзбекистон ватандоши Саратов шаҳрининг Большая Садовая кўчасидаги уй томидан йиқилиб, жон берган эди.

Икки ой муқаддам Хабаровск ўлкасида қурилиш материаллари омборида ишлаган 22 яшар Ўзбекистон ватандоши устига оғирлиги 1 тонна келадиган кальцит қопи қулаши натижасида ҳалок бўлганди.

Ҳар икки ҳодиса бўйича жиноят иши очилган.

XS
SM
MD
LG