Линклар

Эронда ўнлаб курд жангариси қатл этилди


Эрондаги қамоқхоналардан бири.

Эрондаги қамоқхоналардан бири.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Эронда мамлакат хавфсизлик кучларига ҳужум қилганликда айбланмиш 20 чоғли курд жангариси қатл этилганини қоралаб чиқдилар.

Эроннинг IRNA давлат ахборот агентлиги “Тавҳид ва Жиҳод” гуруҳи аъзолари экани тахмин этилган кишилар 2 август куни қатл этилгани ҳақида хабар қилган, бироқ мақтулларнинг аниқ сонини келтирмаган.

Улар икки сунний олим, бир неча полициячи ва табиат муҳофазаси билан шуғулланадиган муассаса ходимларини ўлдирганликда, одам ўғирлаганлик ва қуролли ҳужумлар содир этганликда айбланганлар.

Эрондаги давлат телеканали мазкур гуруҳ аъзолари айбларини бўйнига олгани акс этмиш видеолавҳани намойиш этган.

Human Rights Watch ташкилоти маълумотига кўра, 10 нафардан кам бўлмаган маҳбус қатл этилган. Эроннинг Инсон ҳуқуқлари учун халқаро кампания (ICHRI) инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса 20 нафар маҳбус осилгани ҳақида маълумот тарқатган. ICHRIга кўра, маҳбуслар иқрорномалар ўзларидан қийноқ остида олингани ҳақида шикоят қилганига қарамай, Эрон Олий суди уларнинг шикоятномаларини рад этган.

Эронда 7 миллион атрофида курд (мамлакат аҳолисининг тақрибан 10 фоизи) истиқомат қилади. Сўнгги пайтларда Эроннинг курдлар зич яшайдиган жойларида курд жангарилари ва ҳукумат хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар тез-тез содир бўлиб турибди.

XS
SM
MD
LG