Линклар

Ленинград вилоятида номаълум шахслар 33 яшар аёлни оғир яралаб, далада ташлаб кетани маълум бўлди. Полиция расмийларига кўра, бадани пичоқ зарбидан илма-тешик бўлган аёл 2 август кечқурун Ленинград вилоятининг Янино қишлоғи яқинида топилган ва унинг ўзбекистонлик экани аниқланган.

Озодлик радиосига Всеволожск тумани полиция бўлими расмий вакили ўзбек аёлининг қаттиқ жароҳатланганини тасдиқлади.

- 2 августда Ленинград вилояти Всеволожск тумани даласида пичоқланган аёлнинг Ўзбекистон ватандоши эканлигини тасдиқлаймиз. 1982 йилда туғилган. Бу ҳақда бошқа маълумот беролмаймиз. Ҳозирда ҳодиса тафсилотлари текширилмоқда, жиноятчиларни қулга олиш амалиётлари бошлаган, деди полиция расмийси.

Озодлик бошқа манбалардан олган маълумотларга кўра, ўзбекистонлик аёл Всеволожск марказий касалхонасига келтирилган ва шифокорлар аёлнинг қорин бўшлиғи, бел, тос ва кўкрак қафасига чуқур пичоқ жароҳатлари етказилганини билдирган. Шифокорларга кўра, аёлнинг аҳволи ўта оғир.

Айни вақтда Санкт-Петербургда муҳожирлар билан боғлиқ яна бир нохуш ҳодиса юз берди.

3 августга ўтар кечаси Санкт-Петербург шаҳрида 3 нафар маҳаллий ўсмир 17 яшар Тожикистон ватандошини пичоқлаб кетган. Оғир жароҳат олган тожик ўсмири шифохонда жон берган.

Санкт-Петербург полициячилари ушбу жиноятга алоқдор уч ўсмир қўлга олинганини маълум қилган.

Экспертлар Россия жамиятида, жумладан Санкт-Петербургда миллатчилик кайфиятлари кучайиб бораётгани ва ушбу ҳол, хусусан ёшларга салбий таъсир кўрсатаётганига ишора этишади. Ҳуқуқ фаоллари маълумотларига кўра, Россия бўйича энг кўп ксенофобия ва ирқчилик асосидаги жиноятлар Санкт-Петербург ва Москвада содир этилади.

Москвадаги "Сова" таҳлилий-кузатув маркази ҳисоботи бўйича, Россияда 2016 йилнинг биринчи ярмида миллатчилар ҳужумидан 31 киши жабрланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG