Линклар

logo-print

Ҳалабда қамални ёриб чиққан суриялик мухолифатчилар яна ҳужумга учради


Ҳалабдаги мухолифатчилар, Сурия, 2016 йил 6 августи.

Ҳалабдаги мухолифатчилар, Сурия, 2016 йил 6 августи.

Сурия ҳукумат кучлари учоқлари уч ҳафталик қамални ёриб чиққан мухолифатчиларнинг Ҳалаб атрофидаги позицияларини нишонга олди. Бу шаҳар учун жанглар Сурияда беш йилдан бери давом этаётган ва юз минглаб одам ёстиғини қуритган урушда бурилиш ясайдиган жанглар бўлиши айтилмоқда.

6 август куни исёнчиларнинг бир неча гуруҳи Рамусеҳдан ҳукумат қўшинларини сиқиб чиқариш ҳаракатини бошлаган. Агар улар бу ишни уддалай олсалар, бу шаҳарнинг айрим жойларига гуманитар юклар етказиб беришга йўл очади.

Суриянинг SANA давлат ахборот агентлиги ҳарбий-ҳаво кучлари исёнчилар позицияларини бомбалаётганини хабар қилиб, мухолифатчиларнинг қамални ёриб чиққанини рад этди.

Башар Ассад томонида жанг қилаётган Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” шиа гуруҳи вакиллари исёнчилар ҳужум қилганини эътироф этганлар ва ҳукумат қўшинлари чекинганидан кейин учоқлар ҳарбий коллежни ер билан яксон қилганини қўшимчалаганлар.

Қароргоҳи Лондонда бўлган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси Франс-пресс агентлигига Ҳалаб жанубига очилган йўл жуда хавфли экани, шаҳарнинг ўзида эса жанглар давом этаётгани ва ҳаводан ҳужумлар бўлиб турганини маълум қилган. Ҳалаб қамали 17 июлдан бошланган. Бу шаҳарда, турли маълумотларга кўра, 250 минг чоғли тинч аҳоли вакили бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG