Линклар

Фарғонага учган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” учоғи техник носозлик туфайли Петербургга қайтди


Тошкент аэропортидаги "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиаширкати учоқлари.

Тошкент аэропортидаги "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиаширкати учоқлари.

Якшанба куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан Фарғонага учган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing-757−200 учоғи техник носозлик туфайли Пулково аэропортига қайтди.

Россия нашрлари хабарига кўра, бортида 179 нафар йўловчи бўлган учоқ кеча маҳаллий вақт билан соат 14.58 да ҳавога кўтарилган, аммо кўп ўтмай унинг битта двигатели ишламаётгани маълум бўлган. Ёнилғисини битириш учун Boeing-757 Петербург аэропорти узра 7 марта айланишига тўғри келган, кейин эса соат 16.32 да Пулковога шикастсиз қўнган. Айтилишича, авария чоғида йўловчилардан ҳеч ким жабрланмаган. Гувоҳларга кўра, учоқ ҳавога кўтарилаётган пайтда бортда қаттиқ овозлар эшитилган, улар двигателдан олов чиққанини кўрганлар.

Петербург аэропортидаги фавқулодда қўниш ҳодисаси бўйича Россия тергов идоралари текширув бошлаганлар.

Бу орада РИА Новости агентлиги “Ўзбекистон ҳаво йўллари”даги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда, 7 август куни HY636 қатнови билан Санкт-Петербургдан учолмай қолган учоқ душанба куни эрталаб Фарғонага учиши ҳақида хабар қилади.

“Кичик таъмирдан кейин учоқ душанба куни Москва вақти билан соат 9.30 да Фарғонага учади, янги учоқ юборишга ҳожат йўқ”, деган агентлик манбаси техник носозлик сабаби аниқлангани ва Пулково аэропорти базасида бартараф этилаётганини қўшимча қилади.

XS
SM
MD
LG