Линклар

230 мингдан ошиқ россиялик Медведев ишдан бўшатилишини талаб қилувчи петицияни имзолади


Россия бош вазири Дмитрий Медведевнинг ўтган ҳафта ўқитувчилар маоши ҳақидаги гапи аксар россияликлар ғазабини қўзғади. Бу баëнот ортидан 230 мингдан ошиқ россиялик Медведевнинг ишдан кетишини талаб қилувчи онлайн арзни имзолади.

Change.org сайтида эълон қилинган петицияни ҳозиргача 237 мингдан ошиқ одам имзолади ва бу қарам кун сайин ошиб бормоқда.

Медведев 2 август куни Россиянинг қашшоқ ҳудудларидан бири бўлмиш доғистонлик ўқитувчига пул ишлашни хоҳласа, тадбиркорлик билан шуғулланиши кераклигини айтди. Вазирнинг бу шарҳини кўпчилик номақбул деб топиб, уни кескин танқид қилди.

Онлайн петиция муаллифи Александр Ли “Вазирлар маҳкмасига ваколатли, ўқимишли, мамлакат ҳақида қайғурувчи шахс етакчилик қилиши керак. Биз ҳозир бунинг аксига гувоҳ бўлаяпмиз”, деб ёзди.

Арз Россия президенти Владимир Путин номига йўлланган. Аммо президент матбуот котиби Дмитрий Песков бу масала бўйича изоҳ беришдан бош торди.

Медведевдан нега ўқитувчилар полиция ходимлари оладиган маошнинг ярмини олади, деб сўрашганда, Бош вазир: “Қиëснинг кераги йўқ. Бу ҳаётда нимани танлашингизга боғлиқ”, деб жавоб берди.

Медведев бизнес билан шуғулланганлар жуда кўп пул ишлашини, ўқитувчилик эса “чақириқ” эканлигини, бой бўлишни истаганлар касби эмаслигини айтди. Вазир яна “ёш, куч-қувватга тўла ўқитувчи ҳар доим қўшимга пул топиш учун бошқа ишларни ҳам қила олади”, дея қўшимча қилди.

Медведев 1990 йилларда Санкт Петербург университетида сабоқ берган. Вазир ўзи яхши топган ўқитувчига мисол бўла олишини айтди.

“Мен жуда кўп лекция ўқиганман, семинарлар уюштирганман. Умуман олганда, асосий харажатларимни қоплашни уддалаганман”.

Медведевнинг рейтинги ҳар доим Путинникидан паст бўлиб келган. Таҳличиларнинг айтишича, иқтисодга масъул бўлган Медведевнинг одамларга маъқул келмаётгани Россияда пастлаб бораётган ҳаёт шартлари учун шахсан Путинни айбламасликларига йўл очиб берган.

Расмий маълумотларга кўра, Россияда ўртача ойлик 37 минг рублдир. Ўқитувчилар одатда бундан камроқ топади. “Коммерсантъ” нашрининг хабар беришича, Доғистонда ўқитувчилар ойлиги Россиядаги ўртача ойликнинг ярмида тенгдир.

“Московский комсомолец” газетасида ёзилган истеҳзоли мақолада “Бош вазирнинг қарашларини тушунса бўлади. Асосий ишларини бизнес билан, жумладан, катта бизнес билан тўлиқловчи ҳукумат расмийларини ҳаммамиз биламиз”, дейилади.

Май ойида Медведев нафақаси оширилишини сўраган бир гуруҳ нафақахўрга “Пул йўқ. Бўш келмай туринглар”, деб россияликлар қаҳрини келтирган эди. Вазирнинг бу жабови Интернетда узоқ пайт масхара қилинди.

XS
SM
MD
LG