Линклар

Тожикистонлик 6-синфда ўқиётганда соқол қўйганликда айбланиб беш йилга қамалди


Душанбе шаҳар суди Роғунда қўлга олинган 18 кишини “Конституциявий тузимни куч билан ўзгартиришга чақириш”да айбдор деб топиб, 3,5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилди.Судланувчилардан бири 6-синфда ўқиётганда сақол қўйганликда айбланган.

Душанбе шаҳар судида “Конституциявий тузимни куч билан ўзгартиришга чақириш”да айбланиб судланаётган 18 нафар шахсга нисбатан маҳкама жараёни 8 август куни якунланди.

Судланувчи Ражабмурод Ражабовнинг акаси Абдулло Ражабов укаси 5 йилга озодликдан маҳрум этилганини айтиб, суднинг қарори адолатсиз эканини, укасининг айби суд жараёнида тасдиқланмаганини билдирди.

Абдулло Ражабовнинг айтишича, судга оширилган жиноят ишида Ражабмурод 2009 йилда салафийларга ўхшаб сақол қўйганликда ҳам айбланган.

“2009 йилда менинг укам олтинчи синф ўқувчиси эди. Бу ерда адолат қани? Ҳамма биладики, физиологик нуқтаи назардан 6-синф ўқувчисининг сақол қўйиши мумкин эмас, чунки бу ёшда одамга ҳали сақол чиқмайди”, деди Абдулло Ражабов Озодлик мухбирига.

Бошқа судланувчиларнинг яқинлари ҳам журналистларга қариндошлари ноҳақ ва адолатсиз судланганини айтиб, арзланмоқдалар.

Душанбе шаҳар суди ҳозирча 18 нафар роғунликка нисбатан чиқарилган ҳукмни шарҳлашдан тийилмоқда. Шунинг учун оммавий ахборот воситалари фақат судланганларнинг яқинлари берган маълумотлар асосидагина хабар тарқатишга мажбур бўлаётир.

Судланганларнинг барчаси 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган йигитлардир. Улар Роғун яқинидаги Қалаи Нав қишлоғи турғунларидир. Барча судланувчилар жорий йилнинг март ойида диний экстремистик гуруҳга мансубликда айбланиб қамоққа олинган.

Тожикистон ҳукумати сўнгги йилларда аҳоли орасида экстремистик кайфиятларнинг олдини олиш баҳонасида диндорларга нисбтан бир қатор босимларни кўрсатиб келаётгани айтилади. Жумладан, мамлакатдаги барча мадрасалар ёпилиб, мадрасалар талабалари давлатга қарашли билим юртларига жойлаштирилган.

Шу билан бир қаторда, Тожикистонда давлат рухсатисиз диний таълим бериш ҳам қонун тақиқланган. Ноқонуний равишда диний таълим берган шахслар 5 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

8 августда судланган роғунликлар “конституциявий тузимни ўзгартириш” ҳаракатида айбланиб судланганларнинг бир қисмини ташкил этади холос.

Тожикистон Бош прокурори Юсуф Раҳмоннинг август ойи бошларида билдиришича¸ мамлакат маҳкамалари ҳукми билан 170 одам Имомали Раҳмонни ҳокимиятдан ағдариш мақсадида уюштирилган давлат тўнтариши уринишига алоқадорликда айбдор деб топилган.

Бош прокурорга кўра¸ қотиллик ва жиноий гуруҳга аъзолик каби бошқа жиноятларда ҳам айбланган бу судланувчиларга бир йилдан 30 йилгача бўлган қамоқ жазолари тайинланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG