Линклар

logo-print

Трамп: Эронда олимнинг қатл этилишига Клинтоннинг электрон мактублари сабаб бўлган


АҚШда Республикачилар партиясидан президентликка номзоди илгари сурилган Дональд Трамп рақиби Ҳиллари Клинтоннинг электрон мактублари ядро соҳасидаги эронлик олимнинг Қўшма Штатларга махфий маълумот бергани учун қатл этилишига туртки бўлган бўлиши мумкинлигини иддао қилди.

8 август куни Трамп Twitterда “Кўпчилик одам эронликлар АҚШга ёрдам берган олимни Ҳиллари Клинтоннинг хакерлар ошкор қилган электрон мактублари сабаб ўлдиришганини айтмоқда”, деб ёзди.

Трампни қўлловчи сенатор Том Коттон ҳам 7 август куни қатл этилган Шаҳром Амирийнинг қисмати билан Клинтон АҚШ давлат котиби лавозимида ишлаган пайтида ёзган хатлари ўртасида боғлиқлик бўлиши мумкинлигини айтди.

Коттон CBS телеканали билан суҳбатда Клинтон хатларида “унинг етакчи маслаҳатчилари бу киши ҳақида ёзишган”, деди. Клинтон мактублари ўтган йилда тергов қилинган, натижада жамоатчиликка ошкор қилинган эди.

Амирий Эроннинг махфий ядровий дастури тафсилотларидан хабардор бўлган. Олим 2009 йил АҚШга қочиб борган, аммо 2010 йил АҚШ Марказий разведка бошқармаси уни ўғирлаб кетганини, уйига қайтишни исташини айтиб, Эронга қайтиб борган. Аввалига уни Эронда қаҳрамон ўлароқ кутиб олишди. Кейинроқ Амирий одамлар назаридан узоқлашди.

Ўтган йилда эълон қилинган мактубларда Клинтон ёрдамчилари Амирий ҳақида сўз юритишган. Етакчи маслаҳатчи Жейк Салливан 2010 йилнинг 5-июлида Клинтонга қайта йўналтирган хатда Амирий иши тилга олинган. Амирий эса мазкур хат юборилганидан 10 кун ўтиб Эронга қайтган.

Давлат департаментининг Евросиё энергетикаси бўйича собиқ вакили Ричард Морнингстар юборган хатда “Қўлимизда юридик эмас, балки дипломатик, “психологик” иш турибди. Бизнинг дўстимиз чиқиб кетишига йўл очиб берилиши керак. Одамимиз барибир ҳеч нима қила олмайди. Кетиши лозим бўлса, шундай бўла қолсин”, дейилади.

Салливан 12 июль куни юборган бошқа бир мактубда Амирийга шама қилинган. Ўша куни эронлик олим Покистин элчихонасининг Эрон ишлари бўлимига бориб, ватанига қайтиб боришига рухсат берилишини сўраган.

“Афтидан, бу киши жўнаб кетиши ўта узоқ вақт олганидан ранжигани учун Эрон қизиқишлари бўлимига борган”, дейилади Салливан мактубида.

Республикачиларнинг таъкидлашича, фош қилинган мактублар Эрон ҳукумати Амирий АҚШ қарамоғида бўлганини ҳамда америкаликлар уни “дўстимиз” деб билгани ҳақида хабардор бўлишига, олим АҚШ ҳукуматига Эрон сирларини бой берган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишига сабаб бўлган.

7 август куни Эрон расмийси Амирий “давлатнинг олий сирларини душманга ошкор қилгани учун” қатл этилганини билдирди.

Клинтон кампанияси ҳали бу айбловларга жавоб бергани йўқ. АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Элизабет Трудо Амирий иши тафсилотларини муҳокама қилишдан бош тортди.

Шундай бўлса-да, Трудо Эронда инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши ҳақидаги АҚШ хавотирларини такрорлади.

“Биз Эрондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақидаги хавотирларимизни турли каналлар орқали мунтазам ва оммавий равишда изҳор қилиб келамиз”, деди котиб.

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG